ОЛИМП ТОҒИ

ОЛИМП ТОҒИ — Грециядаги энг баланд тоғ массиви. Эгей денгизининг Термаикос кўлтиғи соҳилида. Энг баланд жойи 2917 м. Оҳактош ва сланецлардан тузилган. Тик ён бағирларида дара кўп. Кенг баргли ва игна баргли ўрмонлар бор. Чўққиларида қишда қор бўлади. Миллий боғ ташкил этилган. Юнон афсоналарида Олимп тоғи муқаддас тоғ, худолар макони ҳисобланган.