ОЛИВЬЕ ДЕ СЕРР — қишки нок нави. Ватани — Франция. Ўзбекистонда 19-а. охиридан экила бошланган. Дарахти ўртача катталикда. Ҳосил шохлари кўп, барглари ўртача ва майда, ўзидан чангланади. Мевасининг ўртача вазни 150—160 г, баъзан 500—600 г ва ундан ортиқ. Таркибида 13,68% қанд, 23,3% қуруқ модда, 0,31% кислота бор. Беҳи пайвандтагга уланган кўчати 3—4 йилда, ёввойи нокка пайванд қилин-гани 4—5 йилда ҳосилга киради. 8—10 ёшида тупи ўртача 20—40 кг, 25—30 ёшида 110—120 кг ҳосил беради. Ҳосили сент.-окт. ойларида терилади, фев. ойларигача сакланади. Ўзбекистонда қишки нокларнинг энг ширини ҳисобланади. 1959 й. дан республиканинг барча вилоятлари учун р-нлаштирилган.