ОЛМА

ОЛМА (Malus) — раънодошлар оиласига мансуб, барг тўкувчи дарахтлар ёки буталар туркуми; уруғли мева дарахти. Шим. ва жан. ярим шарнинг мўътадил минтақаларида Олманинг 25 — 30 тури, жумладан, Ўрта ва Шарқий Осиё, Ўрта Осиё ва Кавказда 10 тури тарқалган. Экиладиган мевали дарахтлар орасида майдони жиҳатидан биринчи ўринда туради. Ялпи олма ҳосили бўйича АҚШ (4,8 млн. т), Хитой (22,01 млн. т) олдинги ўринларда туради (1999). Жаҳон бўйича ялпи ҳосили 60,2 млн. т ни ташкил этади (1999). Ўзбекистонда —0,4 млн. т. АҚШ, Чили, Хитой, Россия, Эрон, Туркия, Франция, Италия мамлакатларида олмазорлар катта майдонларни эгаллайди. Ўзбекистонда 8 тури ёввойи ҳолда учрайди (қ. Ёввойи олма). Дунё бўйича етиштириладиган навларининг асосий қисми хонаки Олма (M.domestica) турига киради. Паст бўйли Олма (M.pymila) турига кирадиган дусен ва парадизкадан мевачиликда пайвандтаг сифатида фойдаланилади. Олма совуққа чидамли, ёруғсевар ва намсевар, тупроқ танламайди, лекин унумдор тупроқларда юқори ҳосил беради. Олма дарахти бўйи 15 м гача боради. Ўзбекистонда Олма апр. ойида гуллайди. Гули 5 бўлакли, гултожибарги оқ, пушти, айримлари кизил. Меваси, навига қараб, июнь — окт. да пишади. Бир дона меваси вазни 15 г дан 400 г гача боради. Таркибида (%) фруктоза 6,5—11,8, сахароза 2,5—5,5, органик (олма ва лимон) кислоталар 0,2 — 1,6, витамин С 5—30 мг, пектин, ошловчи моддалар ва б. мавжуд. Меваси янгилигида ейилади, қоқи, консерва, мураббо, жем қилинади. Олма уруғидан ҳамда пайвандлаш, пархиш қилиш йўли билан илдиз бачкиларидан кўпайтирилади. Ҳосилдорлиги 130— 300 ц/га. Дарахти 100 йилгача яшайди. Одатда, боғга ўтқазилганидан кейин 4 й. ўтгач, ҳосилга киради. 40—50 й. мўл ҳосил беради. Кўчати кузда ва баҳорда 30—60 см чуқурликда ҳайдалган ерга экилади. Кўчат ўтқазиладиган чуқурга 5—6 кг чириган гўнг, 150 г аммиакли селитра, 200 г суперфосфат тупроққа аралаштириб солинади. Кўчатлар 8><8м, 8x6 м, паст бўйли пайвандтагларга улангалари 4x6 м, 3Х5 м, 4x4 м схемада экилади. Ёш дарахтлар 8—12 марта, ҳосилга кирганлари 4—6 марта су-ғорилади, туп ва қатор оралари юм-шатиб турилади. Ҳосилга кирган олмазор гектарига ҳар уч йилда 20—40 т чириган гўнг ва ҳар йили соф ҳолда 120 кг азот, 60—90 кг фосфор, 30 кг калий ҳисобидан ўғитланади. Дарахтлар ҳар йили кузда ва баҳорда буталади (қ. Буташ, Дарахтларга шакл бериш). Ўрта Осиёда экиладиган Олма навлари келиб чиқиши бўйича қуйидаги гурухларга бўлинади: халқ селекцияси йўли билан етиштирилган Ўрта Осиё маҳаллий навлари — оқ олма, қизил олма, Самарканд олмаси, Наманган олмаси, аччиқ олма, қимизак олма, Хоразм олмалари гуруҳи ва б. О. нинг маҳаллий навлари Ўзбекистоннинг тупроқ-иклим шароитига мослашган, иссиққа, совуққа чидамли. Меваси ширин, эртапишар; Ғарбий Европа, Америка, АҚШ навлари — Розмарин, Мантуанер, Старкримсон, Скарлет, Пармен. Вайнсеп ва Голден Делишес, Делишес, Жонатан, Боровинка; Украина нави — Ренет Симеренко; Қрим навлари — кандил, сари синап ( О. нинг бу гуруҳ навлари Ўзбекистонга дастлаб 19-а. 2-ярмидан бошлаб, Ўрта Осиёни Россия босиб олгандан кейин, руслар томонидан, сўнгра 20-а. нинг 20-йилларидан бошлаб Ўзбекистондаги и. т. муассасалари тавсияси билан кел-тирилган). Шредер номидаги Богдорчилик, узумчилик в а виночилик илмий тадқиқот институти селекционерлари етиштирган янги навлар — Самарқанд аълоси; Афросиёби, — ҳосилдор, Тошкент боровинкаси, Меҳмоний, Тилла олма, Нафис ва б. Бу навлар ҳосилдор, меваси маҳаллий шароитга мослашган, кўриниши чи-ройли, мазали; совуққа ва иссиққа чидамли.

Зараркунандалари; олма қурти, олма қўнғизи, битлар, олма куяси.

Касалликлари ҳақида: қ. Бактериал касалликлар, Вирусли касалликлар.

Суятон Холназаров.