ОЛОВБАРДОШ ҚОТИШМАЛАР — асосини никель, темир ёки темир-никель ташкил қиладиган материаллар. Таркибида 30% гача хром бўлади. Оловбардош қотишмалар юқори т-рали ҳаво ёки газ муҳитида коррозия (занглаш)га яхши чидайди. Айрим Оловбардош қотишмалар алюминий ёки кремний билан легирланади (қ. Легирлаш). Қиздирилганда уларнинг сиртида зич ҳимоя пардаси ҳосил бўлади. Легирловчи элементлар (хром, алюминий ва б.) оксидларидан иборат бу пардалар асосий элементларнинг оксидларига нисбатан термодинамик жиҳатдан турғун бўлади. Парданинг ҳимоя қилиш хоссаси унинг зичлиги ва асосий металл б-н мустаҳам бирикишига боғлиқ. Оловбардош қотишмалар, асосан, қиздириш элементларининг деталлари ва каршиликларнинг элементларини тайёрлаш учун ишлатилади.