ОЛТИН ЎРДА, Жўжи улуси — 13-а. нинг 40-й. лари бошида Жўжихоннинг ўғли Ботухон (1238—1255) томо-нидан асос солинган давлат. 1224 й. Жўжи улуси Хоразм, Шим. Кавказдан иборат эди. 1236—40 й. ларда Ботухоннинг юришлари натижасида Волга булғорлари юрти, Дашти Қипчоқ, Қрим, Ғарбий Сибирь, Олтин Ўрдага қўшиб олинди. Рус князлари Олтин Ўрдага карам бўлиб, хирож тўлаб турганлар. Рус манбаларида бу давлат Олтин Ўрда, Шарқ манбаларида Жўжи улуси деб аталган. Олтин Ўрда маркази Ботухон даврида Қуйи Волгада, Сарой Боту эди. Беркахон (1255—66) даврида Сарой Беркага кўчирилди. Олтин Ўрда олдин мўғул қоонига қарам бўлиб, Ботунинг иниси Берка даврида мустақилликка эришди. Сарой Боту, Сарой Берка, Урганч, Судак, Қофа (Феодосия), Азоқ сав-до марказлари эди. Олтин Ўрдани хон бош-қарган. Зарурат туғилганда қурултой чақирилган. Давлат ишлари билан бекларбеги шуғулланган. Девон ишларини вазир бошқарган. Солиқ йиғиш доруға ихтиёрида бўлган. Зарур пайтларда босқоқлар жўнатилган. Яна қуйидаги мансаб ва амаллар бўлган: алпаут (зодагон), туман, туманбеги, элчи, босқоқ, девон битикчиси, тамғач (бож йиғувчи), тирноқчи (тарози-бон), шусунчи (таъминотчи), юртчи (меъмор), йўл арачи (йўл нозири), тутқовул (қоровул), кўпирчи, кемачи, ёмчи, овчи.
Қўшинларга туманбеги, нўён (амир), юзбошилар қўмондонлик қилганлар. О. Ў. Жўжининг 14 нафар ўғлининг 13 улусидан иборат эди. Улар ўз улусларини мустақил бошқаришга интилганлар. Мустақиллик ҳаракати Мангу Темур (1266—82) вафотидан кейин кучайди. Туда Мангу (1282—87), Талабуға (1287—91) хонликлари даврида туманбеги Нўғайнинг нуфузи кўтарилди. 5 йил орадан ўтгач, яна исён кўтарилди. Унга Ўзбекхон (1312—42) барҳам берди. У ва вориси Жонибек (1342—57) даврлари Олтин Ўрда ҳарбий салоҳиятининг энг кучайган даври бўлди. Ҳокимият марказлашди. Улуслар вилоятларга айлантирилди, уларни амирлар бошқарган; қурултойлар чақирилмай қўйган. Ўзбекхон даврида Олтин Ўрда қуролли кучлари 300 мингга етган. Лекин, ички зиддиятлар 1357 й. Жонибекхоннинг ўлдирилиши билан яна юзага чикди. Шундан 1380 й. гача 25 марта хон алмашди. 14-а. нинг 60-й. ларида Хоразм мустақил давлат бўлиб ажралиб чикди. Польша ва Литва давлати Днепр дарёси ҳавзасини босиб олди. Ҳожитархон (Астрахон) хонлиги ташкил топди. Фақат Тўхтамиш даври (1380—95) га келиб исёнлар тўхтади. 1382 й. у Москвани эгаллаб, ўт қўйди. Мовароуннаҳрга таҳдид сола бошлади. Амир Темурнинг 1389, 1391, 1395—96 й. лари Тўхтамишга қарши юришлари Олтин Ўрдани ҳолдан тойдирди. Идиқу Олтин Ўрдани тиклашга ҳара-кат қилди, натижа бермади. 15-а. нинг 20-й. ларида Сибирь хонлиги, 40-й. Нўғай Ўрда, 1438 й. Қозон хонлиги, 1443 й. Қрим хонлиги, 60-й. ларда Қозоқ хонлиги ташкил топди. 1480 й. Аҳмад Русни бўйсундиришга уринди. 16-а. бошларида Олтин Ўрда қулади.
Ад.: Греков Б. Д., Якубовский А. Ю., Олтин Ўрда ва унинг қулаши, Т., 1964; Сафаргалиев М. Г. Распад Золотой Орды, Саранск, 1960; Ризаэтдин Фахрет-дин, Ханы Золотой Орды, Казань, 1995 Наим Норқулов.