ОЛТИНТЕПА — жез даврига оид шаҳар харобаси (мил. ав. 3—2 минг йиллик). Туркманистон жан. даги Меана қишлоғи яқинида жойлашган. 1929 й. А. А. Семенов топган. 1930-й. ларда А. А. Марущенко, 1949 й. дан М. Е. Массой бошчилигидаги экспедиция текширган. Олтинтепа шим.-шаркдан жан.-ғарбга чўзилган бўлиб, бал. 20 м га етади. Олтинтепа қад. деҳқончилик маданиятига оид ёдгорликдир. Олтинтепанинг майд. 60 га дан ортиқ. Олтинтепанинг атрофи калинлиги 2 м ғишт девор билан ўралган бўлиб, ичида аҳоли яшайдиган массивлар, кулолчилик маҳалласи бўлган. Кенг ва узун йўллар, бир неча хумдонлар, маҳобатли уй қолдиклари, диний иншоотлар, зиккурат, мозорлар топилган. Бу топилмалар қад. Ўрта Осиёда деҳқончилик билан шуғулланувчи ўтроқ қабилалар ижтимоий-иқтисодий тараққиётини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.