ОЛТОЙ ТИЛЛАРИ

ОЛТОЙ ТИЛЛАРИ — туркий тиллар, мўғул тиллари ва тунгус-манжур тилларини уларнинг келиб чиқиши бир деган тахмин асосида бирлаштирадиган тиллар макрооиласини биддирувчи шартли термин. Айрим олимлар ушбу макрооилага корейс ва япон тилларини ҳам киритганлар. «Олтой» атамаси ушбу тилларнинг эҳтимолдаги қад. ватанига ишорадир.

Г. Рамстед, Н. Н. Поппе, Е. Д. Поливанов, В. Л. Котвич, М. Рясянен каби туркийшуносларнинг асарларида турли даврларда турлича нуқтаи назардан исботлашга ҳаракат қилинган олтой назариясининг келиб чиқишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган: санаб ўтилган тил оилаларидаги анчагина умумий лексика; сўзнинг товуш таркибидаги, фонетик ва морфологик қурилишидаги ўхшашликлар (сингармонизм ва агглютинация); сўз ясалиши ва синтаксис соҳасидаги категорияларнинг структура ва мазмун жиҳатдан бир хиллиги ёки ўхшашлиги ва б. Шунингдек, деярли барча Олтой тилларида махсус сўроқ юкламалари мавжуд, олд қўшимча (префикс) лар қўлланмайди, эгалик категорияси тараққий этган, равишдош ва сифатдошларнинг қўлланиш доираси кенг ва ҳ. к.

Бироқ 20-а. 50-й. ларида тўпланган материалларни ёппасига ўрганишдан шу нарса маълум бўлдики, сонлар, тана аъзолари, йил фаеллари ва сутка бўлаклари, осмон жисмлари, об-ҳаво ҳодисалари номлари каби асосий луғавий гуруҳлар соҳасидаги ўхшашликлар фоизи жуда паст экан. Бу ҳолат олтой боботилининг мавжуд бўлганлигини шуб-ҳа остида қолдиради.

Олтой тилларининг қариндошлиги ҳақидаги фаразияни, бир томондан, материаллар етарли бўлмаганлигидан, исботланган деб ҳисоблаб бўлмайди; иккинчи томондан, тавсия этилган кўплаб чоғиштиришларнинг ишонарлилиги туфайли, асоссиз, пуч деб ҳам бўлмайди. Бу масалани чуқур ўрганиш ва узил-кесил ҳал қилиш олтойшуносликнинг долзарб вазифаларидандир.

Prev Article

ОЛТОЙ