ОНДАТРА

ОНДАТРА, мушк каламуш (Ondatra zibethicus) — дала сичқонлари оиласига мансуб кемирувчи; уруғнинг ягона тури. Гавдаси 35 см гача, думи 28 см гача, вазни 1,5 кг гача. Қуруқлик ҳамда сувда яшашга мослашган, қишда музлайдиган сув ҳавзаларида яшайди. Думи ён томондан яссилашган, тангачали, туксиз; орқа оёқларидаги сузгич пардаси тўлиқ ривожланмаган. Юнги қалин, қорамтир қўнғирдан қора ранггача, қисман сув юқтиради. Эркагининг думи асосидаги бир жуфт мушк безлари урчиш даврида ҳидли ёғсимон оқиш суюклик — мушк ажратади. Ватани — Шим. Америка, у ердан Европа ва Осиёга, жумладан, Ўзбекистонга келтириб иқлимлаштирилган. Баҳорда болалайди, йилига 1—2 марта, жан. да 2—3 марта 5—8 тадан бола туғади. Сув ҳавзаларининг қирғоқларини кавлаб ёки шох-шаббалардан уя қуради. Овланади ва кўпайтирилади. Ўзбекистон, Қозоғистон, Сибирь ва б. жойларда ондат-рачилик хўжаликлари ташкил этилган.

Loading...