ОНКОЛОГИЯ МАРКАЗИ

ОНКОЛОГИЯ МАРКАЗИ, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги онкология маркази — и. т. муассасаси. 1958 й. Тошкент ш. да Рентгенология, радиология ва онкология и. т. институти номи билан ташкил этилган. 1966 й. дан Онкология и. т. институти деб аталган. 2001 й. дан ҳоз. номда. Замонавий типда қурилган ва 9 та ихтисослашган бўлими, ўсмаларни аниқлаш ва даволаш аппаратлари билан жиҳозланган хоналари, тажрибалар утказиш учун махсус виварийси бўлган марказда онкология соҳасида кенг қамровли фундаментал ва амалий илмий изланишлар олиб борилади ва мазкур соҳа мутахассислиги бўйича илмий кадрлар тайёрланади. Онкология марказида меъда-ичак ва суяк ўсмаларини аниқлашда рентгенотомограммани қўллаш, ўпка, ўт пуфаги ва талоқни сканерлаш усули б-н текшириш, ультратовушда деярли барча аъзолардаги ўсмаларни аниқлаш; экспериментал ҳайвонлар бош миясида сунъий ўсмалар ҳосил қилиш, хавфли ўсмалар пайдо бўлиши, ривожланиши ва тарқалишида генлар ролини аниқлаш, онкологик беморларни физик омиллар: юқори ҳарорат, ўта совуқ ва лазер билан даволаш усуллари ишлаб чиқилди. Шунингдек, ўлкага хос хавфли ўсмалар, уларнинг дастлабки диагностикаси, олдини олиш, комплекс даволаш ва б. масалалар юзасидан и. т. лар ўтказилади. Диспансер ишларини яхшилаш, фан ютукларини тиббиёт амалиётига жорий этиш б-н шуғулланилади. Жойларда соғлиқни сақлаш органларига онкология бўйича илмий-амалий, ташкилий, консультатив ёрдам кўрсатилади. Марказда 14 лаб., 7 илмий гуруҳ, илмий тиббиёт ахбороти, патент гурухлари, 315 ўринли клиник касалхона, аспирантура, клиник ординатура, консультатив поликлиника, дорихона, виварий, кутубхона, шунингдек, махсус препаратлар ишлаб чиқарадиган «Ниҳол» з-ди ва б. бор (2003). 1972 й. О. м. нинг Қорақалпоғистон филиали (Нукус ш. да) очилган.

Марказда 180 дан ортиқ илмий ходим, жумладан, Ўзбекистон ФА 1 акад, 4 та проф., 9 та фан дри, 98 дан зиёд фан номзоди ва кўпгина малакали онколог шифокорлар хизмат қилади (2003). Марказда онкология соҳасида олиб борилган тадқиқотлар ва эришилган ютуклар Ж. М. Абдурасулов, А. И. Николаев, Н. Қ. Муродхужаев, А. А. Фозилов, С. Н. Наврузов, Б. А. Щек, С. Б. Каримова, Р. Р. Романова, В. А. Алижонова, М. А. ҒофурОхунов, М. Д. Жўраев, А. В. Хўжаев ва б. фаолияти билан бе-восита боғлиқ. Марказ ЎзРда онкология муаммолари бўйича илмий ва методик муассаса ҳисобланади. Илмий ишлар нашр этади.