ОНТОГЕНЕЗ (юн. ontos — борлиқ ва…генез) — организмнинг индивидуал ривожланиши, унинг шакллана бошлашидан ҳаётнинг охиригача содир бўладиган кетма-кет ўзгаришлар мажмуи. «Онтогенез» терминини немис олими Э. Геккел (1866) фанга киритган. Онтогенез уруғланган тухум ҳужайра, яъни зиготадан бошланади. Жинссиз кўпаядиган орга-низмларда янги организм она ҳужай-ранинг бўлинишидан (бир ҳужайралиларда), куртакланишдан ёки тугунак, илдизпоя ва б. вегетатив органлардан (вегетатив кўпайишда) вужудга келади. Онтогенез организмнинг хусусий ривожланиши давомида рўй берадиган барча морфологик, физиологик ва функционал жараёнларни қамраб оладиган, ўзаро узвий боғланган миқдор ва си-фат ўзгаришлари орқали амалга ошади. Онтогенез кетма-кет келадиган босқичлар ривожланиш даврларидан иборат. Жинсий кўпаядиган организмларда бу бос-қичлар муртак (эмбрионал), муртакдан кейинги, яъни постэмбрионал ва ба-лоғатга етиш даврларини ўз ичига олади. Онтогенез давомида ривожланаётган организмнинг алоҳида қисмлари ўсади, ихтисослашади ва ўзаро мувофиклашади. 18-а. да Онтогенезни тушунтиришда икки концепция кураш олиб борди. Улардан бири — преформизм О. ни индивидуал ўсишдан иборат деб тушунтирса, иккинчиси — эпигенез эса уни струк-турасиз муртакдан бошланадиган янги ҳосиланинг ривожланиш жараёни си-фатида тушунтиради. Замонавий тушунчаларга биноан, Онтогенез бошланаётган ҳужайрада ирсий ахборот коди ҳолатида организмнинг бундан кейинги ривожланиши программаси жойлашган. Онтогенез давомида бу программа ядро билан цитоплазманинг ўзаро таъсири жараёнида муртакнинг ҳар бир ҳужайрасида, унинг ҳар хил ҳужайралари ва ҳужайра комплекслари ўртасида амалга ошади. Ирсий аппарат махсус оқсил молекулаларининг синтезини кодлаш орқали морфогенетик жараёнларнинг умумий йўналишини белгилаб беради. Бу жараёнларнинг амалга ошиши озми-кўпми (ирсий белгиланган реакция нормаси чегарасида) ташқи муҳит таъсири билан боғлиқ.
Ҳайвонларда Онтогенез жараёнларини бошқаришда нерв ва эндокрин системаси муҳим аҳамиятга эга. Онтогенез жинсий кўпаядиган кўп ҳужайрали ҳайвонларда, айниқса, мураккаб содир бўлади. Улар онтогенезида Онтогенезнинг муртаккача (проэмбрионал), муртак (эмбрионал), муртакдан кейинги (постэмбрионал), вояга етган даврлари бўлади. Проэмбрионал давр жинсий ҳужайраларнинг етилиши (гаметогенез) ва уруғланиш даврини; эмбрионал давр эмбрионнинг тухумдан ёки эмбрион пардадан чиққунгача, постэмбрионал давр жинсий вояга етгунга ўтган даврни, вояга етган давр эса организмнинг етуклик ва кексайган ҳолатини ўз ичига олади. Ҳайвонларда Онтогенезнинг 3 типи маълум:
1) личинкалик — тухум пўстидан анча эрта чиққандан сўнг организм личинка ҳолида хаёт кечиради, личинка даври охирида эса метаморфоз юз беради;
2) тухум қўювчи — муртак узок, вақт тухум ичида ривожланади, личинка даври бўлмайди;
3) она қорнида уруғланган тухум — тухум йўлида ривожланади, бундай ҳолатда баъзан муртак билан она организм ўртасида йўлдош орқали боғланиш юз беради. Анъанавий равишда Онтогенезни эмбриология ўрганар эди. Эмбриологиядан ривожланиш биологияси ажралиб чиққандан сўнг эмбриологиянинг вазифаси муртакдан олдинги ва муртак даврини ўрганиш бўлиб қолди. Ўсимликларда Онтогенез уруғланган тухум ҳужайранинг ривожланишидан бошланади. Ўсимликларда Онтогенезнинг ўзига хос хусусиятлари жинссиз (спорофит) ва жинсий (гаметофит) наслнинг алмашинишидан иборат. Спорофит зиготадан, гаметофит — униб чиқаётган спорадан ҳосил бўлади. Гулли ўсимликлар ҳаётий циклида спорофит устунлик қилади, эркак ва урғочи гаметофит эса қисқариб кетади. Вегетатив кўпайишда Онтогенез она организм, шу жумладан, ихтисослашган органлар (илдиз-мева, тугунак, пиёзбоши ва б.) ҳужайраларининг бўлинишидан бошланади. Одатда, ўсимликлар О. и эмбрионлик, ювенил (ёшлик), етук, кўпайиш ва қарилик даврларига бўлинади. Онтогенез даврида ўсимликлар ҳужайралари, тўқималари ва органларининг структуравий ва функционал ихтисослашуви юз беради; ўсимликлар турли қисмларининг ўзаро таъсири мураккаблашиб боради; яхлит система сифатида бутун бир организм ёшга оид қайтмас ўзгаришлар пайдо қилади. Онтогенезда ўсимликларнинг бир бутунлиги фитогормонлар, шунингдек, ҳар хил органлар, мас, фотосинтез қилувчи орган — барглар билан сув ва минерал моддаларни шимувчи илдиз ўртасида метаболитлар алмашинуви оркали таъминланади. Онтогенез давомида ўсимлик ўсади ва ривожланади. Ўсиш ўсимликнинг бўйига ортиши, яъни миқцорий ўзгариши бўлса, ривожланиш сифат ўзгаришидан иборат. Кўпчилик ўсимликлар ёпишиб яшаши туфайли улар Онтогенези кўп жиҳатдан ташқи муҳит шароитига боғлиқ. Ўсимликларда муҳитнинг ноқулай омилларига турли хил мосланишлар (тиним ҳолати, фотопериодизм ва б.) пайдо бўлган. Шу туфайли улар фаолиятининг фаол даври йилнинг энг қулай фаслига тўғри келади.