ОПИСТОРХОЗ

ОПИСТОРХОЗгижжа касалликлари гуруҳига мансуб табиий ўчоқли биогельминтоз. Сурункали кечади ва, асосан, жигар, меъда ости бези ҳамда ўт пуфаги зарарланади. Трематодалар гуруҳига мансуб 2 хил описторхлар қўзғатади. Одам ва ҳайвонларда учрайди. Мушук, ит, чўчқа ва одам паразитларни ташувчи манба бўлиши мумкин. Гижжа тухумлари нажас билан ташқарига чиқиб, сувга ва у орқали чиғаноқлар организмига тушади. Орадан 2—10 ой ўтгач личинкалар пайдо бўлиб, иккинчи оралиқ хўжайин — балиқларга, улардан одам ёки ҳайвонлар организмига ўтади ва 2 йилгача яшайди. Паразитлар хом ёки чала тузланган, дудланган балиқни истеъмол қилганда одамга юқади. Описторхознинг табиий ўчоқлари Европа ва Жан.-Шарқий Осиёда кўп учрайди. Ёш болаларда ҳам, катталарда ҳам кузатилади. Денгизчилар, балиқчилар, қ. х. ходимлари кўпроқ касалланади. Касалликнинг яширин даври 2—4 ҳафта. Асо-сий клиник аломатлари: бир оз иситмалаш, хорғинлик, ич бузилиши, терида тошмалар пайдо бўлиши, камқонлик, В12 витамини етишмаслиги. Касаллик охирида ўт пуфаги ва ўт йўллари, ўн икки бармоқ ичак ва меъда ости безларининг яллиғланиш аломатлари юзага келади. Диагноз ўн икки бармоқ ичак шираси ва нажас таркибида описторхларни лаборатория усулида текшириб топишга асосланиб қўйилади.

Празиквантель, хлоксил, битинол каби препаратлар билан даволанади. Беморлар 6 ойгача диспансер назоратида бўлади.

Prev Article

ОПЕРАЦИЯ

Next Article

ОППОНЕНТ