ОПТИК ГИРОСКОП — жисмнинг айланаётганлигини билишга ва унинг бурчак тезлигини аниқлашга имкон берадиган асбоб. Иши лазер нурларининг гироскопиклик хоссаларига асосланади (қ. Гироскоп). О. г. нинг датчиги (қ. Датчик) вазифасини халқасимон лазер ўтайди. У умумий ёруглик канали бўйича тор монохроматик ёруғлик дасталари тарзида тарқалиб, бир-бирига рўпара ҳаракатланаётган икки ёруғлик тўлқинларини генерациялайди (ҳосил қилади). Ҳалқасимон лазернинг резонатори битта умумий қаттиқ асосга бириктирилган 3 та (ёки кўпроқ) кўзгудан иборат. Бу кўзгулар берк системани ҳосил қилади. Ёруғлик дасталарининг шу кўзгулардан ўтиши фарқи бўйича гироскопиклик хоссалари намоён бўлади.