ОҚ МУШАК КАСАЛЛИГИ

ОҚ МУШАК КАСАЛЛИГИ — чорва моллари, паррандаларда учрайдиган касаллик. Моддалар алмашинувининг бузилиши, миокард-юрак мушаги ва скелет мушакларидаги функционал ҳамда морфологик ўзгаришлари билан кечади. Кўпроқ бузоклар ва қўзиларда, камроқ чўчқа болаларида, мўйнали ҳайвонларда, жўжалар ва б. да кузатилади. Озуқа таркибида оқсил, фосфор, микроэлементлар ва витаминлар етишмаганда, қайвонлар ва паррандалар сурункали бир хил ва тўйимсиз озуқа билан озиклантирилганда юзага келади.

Бузоклар ва қўзиларда касалликнинг бошланишида ҳолсизлик, кўп ётиш; скелет мушаклари зарарланганда — ҳаракат мувозанатининг бузилиши, паралич, миокард зарарланганда — юрак уриши ритмининг бузилиши, тахикардия, нафас олишнинг тезлашиши кузатилади. Касаллик ривож олса, оёклар, кўкракларда, крринда шиш пайдо бўлади. Сийдикда шакар, ацетон таналари пайдо бўлади. Касаллик ўткир ва ярим ўткир, баъзан сурункали кечади. Касаллик клиник белгилари пайдо бўлгандан кейин, одатда, 3—7 кун давом этади, айрим ҳолларда касаллик белгилари намоён бўлгандан кейин ҳайвон бир неча соат ичида нобуд бўлади.

Даволаш. Ҳайвонларни яхши шароитларда сақлаш ва тўйимли озуқалар билан боқиш. Тери остига натрий селенит тузининг 0,5% эритмаси (1 кг тана массасига 0,1—0,15 мг қуруқ модда юборилади), витамин Е берилади. Асорат пайдо бўлса антибиотиклар қўлланилади.

Олдини олиш. Оқ мушак касаллиги бўйича носоғлом хужаликларда х. айвонларни боғлаб боқиш пайтида рационга силос, беда, суяк уни, микроэлементлар қўшилади. Бўғоз молларга (туғишгача 20—30 кун қолганда) ва янги туғилган бузоқ ва қўзиларга натрий селенитларнинг 0,5% эритмасидан тери остига юбориш тавсия этилади. Жўжаларга I кг озуқага 1 мг селен қўшиб, 5—7 кун давомида берилади.

Ҳошим Нурмаматов.

Loading...