ОҚИМ — 1) сув ва ҳаво массасининг муайян йўналишда ҳаракатланиши, кўчиши. Ер юзасининг нишаби, босим, бир томонга қараб эсувчи шамоллар, сув т-раси ҳамда шўрлигидаги тафовут ва б. омиллар Оқимга сабаб бўлиши мумкин. Денгиз, дарё, бўғоз, ер ости суви ва бошқа Оқимлар бўлади (қ. Денгиз оқимлари);
2) физикада — нурланиш оқими, нурланиш қуввати — берилган сиртдан вақт бирлиги ичида ўтаётган тўлиқ энергия миқдори; магнит оқими, магнит индукция оқими — бирор сиртдан ўтаётган магнит индукция вектори оқими.