ОҚСИЛЛАР

ОҚСИЛЛАР, протеинлар — ҳамма тирик мавжудотлар таркибига кирадиган мураккаб, азот тутувчи органик моддалар. Оқсиллар тирик материянинг тузилишида, шунингдек, унинг ҳаёт фаолиятида муҳим аҳамиятга эга. Ҳужайра таркибида бир неча минг хил Оқсиллар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири маълум бир вазифани бажаради. Шунинг учун улар протеинлар (юн. protos — биринчи, энг муҳим) деб аталади. Оқсиллар ҳужайра қуруқ вазнининг 3/4 қисмини ташкил этади.

Маълумки, ҳамма организмларнинг Оқсиллари, уларнинг ҳар хил биологик фаоллигидан катъи назар, бир хил 20 та стандарт аминокислотадан ташкил топган бўлиб, бу кислоталар алоҳида ҳеч қандай биологик фаолликка эга эмас. Оқсилларнинг бирбиридан кимёвий фарқи, улардаги аминокислоталарнинг кетма-кетлигига боғлиқ. Аминокислоталар оқсил тузилмасининг алифбоси бўлиб, уларни турли тартибда бириктириб, чексиз сондаги кетма-кетликларни, яъни чексиз миқдордаги ҳар хил оқсилларни олиш мумкин. Мас, ҳар бир тур организмда бир неча минг хил Оқсиллар мавжуд бўлиб, улар турларининг сони 10 млн. атрофида. Математик изланишлар шуни кўрсатадики, 20 та аминокислотадан ҳосил бўлиши мумкин бўлган Оқсиллар изомерларининг оғирлиги Ер шари оғирлигидан оғирроқ бўлар экан.

Оқсиллар макромолекулалар бўлиб, уларнинг мол. м. си бир неча мингдан бир неча млн. га тенг. Оқсиллар молекуласининг қурилиш ашёси сифатида а-аминокислоталар хизмат қилади. а-аминокислотанинг бир углерод атомига (а-углерод атоми) ами-ногуруҳ ва карбоксил гуруҳ бирикади.

Оқсилларда 20 та а-аминокислота учрайди, улар бир-биридан R-гуруҳи билан фарқ қилади, у гидрофил ёки гидрофоб, асосли, кислотали ёки нейтрал бўли-ши мумкин.

Оқсиллар даги аминокислоталар бир-бири б-н пептид боғлари, яъни амид боғлари б-н бириккан, бу боғ бир аминокислота а-карбоксил қолдиғининг иккинчи аминокислота а-аминогурухли қолдиғи билан боғланиши ҳисобига ҳосил бўлади. Шу кўринишда тузилган полимерлар пептидлар деб аталади, ди-, три-, тетра – ва қ. к. деб номланган олд қўшимчалар, молекула таркибидаги аминокислота қолдиклари сонига боғлиқ, мас, дипептидда 2 та қолдиқ, трипептидда — учта қолдиқ ва б. Унча катта бўлмаган аминопептидлардан фарқли ўлароқ, полипептидлар 20 ёки ундан ортиқ (оқсил табиатига кўра, тахм. 50 тадан 2500 тагача) аминокислота қолдиқлари тутади.

Оқсилларда кетма-кет жойлашган аминокислота қолдиқлари узун занжирни ёки Оқсилларнинг бирламчи тузилмасини ташкил этади. Ўз навбатида, Оқсилларнинг хар хил жойида жойлашган аминокислота қолдиқлари таркибидаги кимёвий моддалар ўзаро хар хил боглар билан боғланиши натижасида Оқсилларнинг мураккаб иккиламчи, учламчи ва тўртламчи тузилмалари қосил бўлади. Юқори тузилишдаги тузилмалар физик ва кимёвий омиллар (юкрри ҳарорат, кислота, ишқор ва б.) таъсирида қуйи тузилишдаги шаклларга қайтади (бу ҳодиса О. денатурацияси деб аталади), натижада улар ўз биологик фаоллигини йўқотади. Ammo айрим ҳолларда та-шқи таъсир йўқотилса, Оқсиллар юқори кўринишдаги шаклларига қайтади.

Оқсиллар тузилиши ва вазифалари бўйича хилма-хил. Тузилишига кўра, 2 катта гуруҳга бўлиш мумкин: глобуляр ва фибрилляр. Глобуляр Оқсиллар, асосан, сферик ёки эллипс шаклида бўлиб, улар таркибига бошқа гуруҳ моддалар хам қўшилган (простетик гуруҳ). Mac, гемоглобин глобин ва гемнинг қўшил-масидан ҳосил бўлган, шунинг учун уни яна гемопротеид деб ҳам аташади. Липид тутувчи Оқсиллар липопротеидлар, углевод тутувчилар — гликопротеидлар, металл тутувчилар — металл протеидлар дейилади.

Фибрилляр Оқсиллар — бир ёки бир неча полипептид занжирдан ташкил топган моддалар. Улар узун ип кўри-нишида бўлади. Бириктирувчи тўқима (актин, миозин, коллаген), соч, тери (а-кератин) Оқсиллари бунга мисол бўла олади. Фибрилляр Оқсиллар, асосан, қурилиш ашёси ёки ҳимоя вазифасини бажаради.

Оқсилларнинг биологик вазифалари бўйича куйидаги таснифи мавжуд: ферментлар (трипсин, рибонуклеаза), ташувчи Оқсиллар (гемоглобин, зардоб альбумини, миоглобин), озиқ-овқат ва захира О. и (тухум альбумини, сутдаги казеин, ферритин), қисқарувчи ва ҳаракат О. и (актин, миозин), тузилма Оқсиллари (коллаген, протеогликанлар, креатин), ҳимоя Оқсиллари (антителолар, фибриноген, тромбин, илон заҳари, бўғма қўзғатувчисининг токсини), назорат қилувчи Оқсиллар (инсулин, кортикотропин, ўсиш гормони) ва б.

Оқсилларни ажратиб олиш, улардаги аминокислота қолдикларини аниқлашда кимё ва молекуляр биол. фанларининг усулларидан (диализ, гельфильтрация, электрофорез, хроматография, секве-нация ва б.) фойдаланилади.

Ад.: Ленинжер А., Основы биохимии, в 3 томах, М., 1985; Уайт А., Хендлер С, Смит Э. и др. Основы биохимии, в 3 томах, М., 1981.

Муҳсим Зокиров.

Loading...