ОҚТЎБА ВИЛОЯТИ

ОҚТЎБА ВИЛОЯТИ (1992 й. гача Актюбинск вилояти) — Қозоғистон Республикасидаги вилоят. 1932 й. 10 мартда ташкил этилган. Республиканинг ғарбий қисмида. Майд. 300,6 минг км2. Аҳсшиси 718,9 минг киши (1999), асосан, қозоқлар, шунингдек, рус, украин, татар ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Шаҳар аҳолиси 54%. О. в. да 13 маъмурий туман, 7 шаҳар, 4 шаҳарча бор. Маъмурий маркази — Оқтўба ш. О. в. ғарбда Каспийбўйи пасттекислиги, жан. да Устюрт платоси, жан.-шарқда Турон пасттекислиги ва шим. да Урал тоғларининг жан. тармоклари оралиғида. Вилоятнинг катта қисми текислик (бал. 100—200 м); ўрта қисмида Муғожар тоғлари (энг баланд жойи 657 м), ғарбий қисмида Урал ёни платоси, жан,-шарқда Оролбўйи Қорақуми, Катта ва Кичик Бўрсиқ қумлари, шим.-шарқда Тўрғай платоси бор.

Иклими кескин континентал, ёзи иссиқ ва қуруқ, қиши эса совуқ. Ёзда тез-тез гармсел ва тўзон, қишда эса қор бўронлари бўлиб туради. Оқтўба вилояти шим.ғарбида июлнинг ўртача т-раси 22,5°, жан.-шарқида 25°, янв. да шим.-ғарбида —16° ва жан.-шарқида —15,5°. Йилига шим.-ғарбида 300 мм га яқин, маркази ва жан. да 125—200 мм ёғин ёғади. Вегетация даври шим.-ғарбида 175 кун, жан.шарқида 190 кунгача.

Дарёлари Каспий денгизи ва кичикроқ кўлларга қуйилади. Йирик дарёлари — Эмба, Уралнинг ирмокларидан — Ўр, Илек, шунингдек, Ирғиз, Уил, Тўрғай ва Сағиз. Аксари дарёлари кам-сув, ёзда қуриб қолади. 150 га яқин, асосан, шўр кўллар бор. Вилоятнинг шим.-ғарбида қоратупроқ ва каштан тупроқлар, ўрта ва шим.-шарқида оч каштан ва бўз тупроқлар тарқалган.

Жан. да шўрхоклар ҳам учрайди. Вилоятнинг шим.-ғарбида хилма-хил дашт ўсимликлари, жан. да эса чала чўл ва чўл ўсимликлари ўсади. Юмронқозиқ, қўшоёқ, сичқон каби кемирувчилар кўп. Йиртқич ҳайвонлардан бўри, қарсак тулки бор, жайран ва сайғоқ сакланиб қолган.

Оқтўба вилоятида йирик саноат (асосан, кончилик, кимё, машинасозлик ва қ. х. маҳсулотларини қайта ишловчи) ва қ. х. (лалмикор деҳқончилик ҳамда яйлов қўйчилиги) ривожланган. Вилоят энергетикаси асосан Қарағанда кўмирига асосланган. Хромит, мис, никель-кобальт рудалари, титан, олтин, шунингдек, фосфорит (Оқтўба фосфорит ҳавзаси), нефть ва табиий газ бойликлари кўп. Кончилик, кимё, ферроқотишма ва б. саноат тармоклари ривожланган. Кончилик саноати корхоналари Муғожар тоғларидадир, вилоятнинг марказий ва жан. қисмида нефть ва газ қазиб олинади. Оқтўба ш. да ферроқотишма, хром бирикмалар, рентген аппаратураси, қ. х. машинасозлиги, механика, автомобиль таъмирлаш з-длари ва енгил ҳамда озиқ-овқат саноати корхоналари, кимё к-ти бор.

Ернинг кўп қисми яйлов ва ўтлоқлар. 1956—58 й. ларда 1,6 млн. га дан ортиқ қўриқ ва бўз ерлар ўзлаштирилиб, ғаллачилик хўжаликлари барпо этилди. Ғалла, техника экинлари (асосан, кунгабоқар), картошка, сабзавот ва полиз, озуқа экинлари экилади. Қорамол, қўй, эчки, йилқи, туя боқилади. Вилоятнинг шим.-ғарбида лалмикор ғаллачилик (баҳорги буғдой, арпа, тариқ), гўшт-сут чорвачилиги, чўчқачилик ва паррандачилик ривожланган. Вилоятнинг қурғоқчил ҳудудида яйлов чорвачилиги (гўштёғ ва гўшт-жун) ва деҳқончилик билан шуғулланилади. Шалқар кўлида балиқ овланади. Т. й. узунлиги 1140 км. Асосий т. й. лари: Оренбург—Оқтўба — Тошкент ва Атеров — Қандағач — Орск. Ҳаво йўллари Оқтўба вилоятини Москва, Олмаота ва вилоятнинг б. туманлари билан боғлаб туради. Оқтўба вилоятидан Атеров — Орск нефть қувури ўтади. Оқтўба вилоятида пед. ва тиббиёт ин-тлари, кутубхоналар бор.

Prev Article

ОҚТЎБА