ОҚТОМ ҚАБРИСТОНИ — Жан. Фарғонадаги Марғилонсойнинг чап қирғоғидаги Оқтом ва Дамкўл қишлоклари қаршисида жойлашган қад. қабристон (мил. ав. 6—3 а. лар). Жами 65 та мозорқўрғон аниқланган, улардан 15 таси милоднинг бошларига тааллукли; қолган 50 тасининг 31 донаси кавлаб очилган. Кавланган мозорқўрғонлар остида 126 та қабр қазиб ўрганилди. Мозорқўрғонлар тупроқ ва чақиртошларни қабр устига тўплаб — уюм қилишдан вужудга келган. Улар остидаги ўрта қабрда 1 тадан 8 тагача маййит бошини ғарбга қилиб қўйилган. Чириган ёғоч қолдиқларига кўра, ўралар устига ёғоч терилиб сўнгра усти ёпилган. Бу давр урф-одати бўйича мархум ўнг томонига сопол идишлар (баъзан махсус токчага), жездан пичоқ, бигиз, пайконлар ҳамда жез, темир ва суякдан ясалган тақин-чоклар, баъзан қўйнинг бирор бўлаги ҳам қўйилган. Маҳаллий аҳоли деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган.