ОРАНЖ (голланд шаҳзодаси Оранский номидан) — Жан. Африкадаги дарё. Лесото, ЖАР ва Намибия ҳудудларидан оқиб ўтади. Уз. 1860 км, ҳавзасининг майд. 1020 минг км2. Дракон тоғларининг ғарбий ён бағридан, 1360 м баландликдан бошланиб, Баланд Венд қурғоқчил зонаси ва Кап платосидан оқиб ўтади. Бу ерда даралар ҳосил қилган. Атлантика океанига қуйилади. Кур-ғоқчил жойлардан ўтган қисмида ўзани езда баъзан қуриб қолади. Юқори ва ўрта оқимида остона ва шаршаралар бор. Қуйи қисми (97 км) текисликдан оқади. Ёғингарчилик мавсуми (нояб. — март)да дарё тўлиб оқади. Йиллик ўртача сув сарфи 200 м3/сек. Суви лойқа. Океанга йилига 15 км3 сув, 153 млн. т оқизиқ келтиради. Сув сарфи йилдан-йилга ўзгариб туради. Дарёдан суғоришда, шаҳарларни сув билан таъминлашда фойдаланилади. Оранжда гидроэнергетика иншоотлари қурилган.