ОРАСЛИ Ҳамид Муҳаммадтағи ўғли (1909.23.2, Ганжа – 1983.21.11, Боку) — озарбайжон адабиётшуноси. Озарбайжон ФА акад. (1968), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1968), филол. фанлари дри (1954), проф. (1955). Озарбайжон пед. ин-тининг Тил ва адабиёт ф-тини тугатган (1931). Озарбайжон ФА Адабиёт ва тил ин-тида бўлим мудири (1938—65), Низомий номидаги Адабиёт музейи директори (1950—68).
Ораслининг асосий илмий фаолияти Низомий ва Фузулийларнинг ҳаёти, ижодининг ғоявий-бадиий хусусиятлари, Шарқ адабиётида тутган ўринларига бағишланган. Ораслининг илмий мероси бир адабиёт доирасида бўлмай, бошқа халқлар адабиёти, хусусан, ўзбек, турк, эрон, араб, туркман, грузин халклари адабиётлари ўртасидаги кўп асрли алоқалар ҳамда уларнинг ички ривожланиш қонуниятларини очиб беришга кўмаклашади. Орасли Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигига тайёргарлик ишлари муносабати билан 1939 й. да биринчи марта Тошкентга келган. Кейинчалик, 60—70-й. ларда Ўзбекистонда ўтказилган навоийхонлик ва навоийшунослик анжуманларида фаол иштирок этиб, Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақидаги озарбайжон, ўзбек ва рус тилларида ёзган мақола ва маърузалари билан улуғ ўзбек шоири ва мутафаккирининг бой адабий ҳамда илмий меросининг кам ўрганилган муаммоларини илмий асосларда ёритиб бериш ва ушбу меросни Кавказ, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатларида ўрганиш ва тарғиб этишда фидойилик кўрсатган.
Орасли халқ оғзаки ижодининг ҳам йирик тадқиқотчиларидан. Унинг «Китоби дадам Қўрқут», «Кўрўғли» достони ҳақидаги тадқиқотлари, «Ашуъ ижодиёти» монографияси (I960) бошқа туркий халқлар, жумладан, ўзбек фольклори намуналарини ўрганишда муайян аҳамиятга эга.
Абдуқодир Ҳайитметов.