ОРГАН

ОРГАН (юн. organon — қурол, асбоб) — дамли клавишли мусиқа чолғу асбоби. Турли ўлчамдаги (ёғоч ва металл) трубалар тўпламидан, пневматик тизим (ҳаво ҳайдовчи қурилма ва ҳаво ўтказгичлар) дан ва бошқариш минбаридан ташкил топган. Бир қанча клавиатуралари — мануаллари (қўл билан босиш учун) ва педаллари (оёқ билан босиш учун) бўлади. 14-а. дан О. Ғарбий Европада аввал черков, кейинчалик дунёвий чолғу асбоби сифатида кенг тарқалган. Асосан, якканавоз мусиқа асбоби сифатида ишлатилади. Ж. Фрескобальди, Ф. Куперен, Г. Пёрселл, Я. Свелинк, И. С. Бах, Ф. Мендельсон, Ф. Лист, М. Регер, С. Франк, 20-а. да Б. Бриттен, П. Хиндемит, О. Мессиан, А. Онеггер ва б. нинг Орган учун яратган асарлари машҳур. Ўзбекистонда Орган учун биринчи асарларни Г. Мушель ёзган (Сюита, 1947; Орган ва виолончель учун поэма, 1948 ва б.). Ўзбекистон давлат консерваториясида Орган синфи мавжуд. Ўзбекистон ижрочиларидан Р. Каримова, Т. Левина ва б. танилган.

Loading...