ОРИПОВ

ОРИПОВ Абдулла (1941.21.3 — Кашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғи) — шоир ва жамоат арбоби. Ўзбекистон халқ шоири (1990). Ўзбекистон Қаҳрамони (1998). ТошДУнинг журналистика ф-тини тугатган (1963). «Ёш гвардия» (1963— 69), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида муҳаррир (1969—74), «Шарқ юлдузи» жур. да адабий ходим, бўлим мудири (1974—76), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1976—82), масъул котиб (1985—88), Тошкент вилоят бўлимида масъул котиб (1982—83), «Гулхан» жур. да муҳаррир (1983—85), 1996 й. дан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, айни вақтда, Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги раиси (1989 й. дан).

Ориповнинг «Тилла балиқча», «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» сингари дастлабки шеърлари талабалик йилларида ёзилган ва ўзбек шеъриятига янги, истеъдодли, ўзига хос овозга эга шоирнинг кириб келаётганидан дарак берган. Кўп утмай, «Митти юлдуз» (1965) илк шеърлар тўпламининг нашр этилиши шеърият мухлисларида пайдо бўлган шу дастлабки тасаввурнинг тўғри эканлигини тасдиқлаган. Шундан кейин шоирнинг «Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим», «Ўзбекистон» (1971), «Хотирот», «Юртим шамоли» (1974), «Юзма-юз», «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «ҳаж дафтари», «Муножот» (1992), «Сайланма» (1996), «Дунё» (1999), «Шоир юраги» (2003) сингари шеърий китоблари нашр этилган.

Орипов ўзбек шеъриятига ўтган асрнинг 60-й. ларида собиқ совет жамиятида эса бошлаган янги шабаданинг элчиси сифатида кириб келди. У дастлабки шеърларидан бошлаб миллий шеъриятда янги поэтик тафаккурнинг қарор топиши йўлида ижод қилди; турмушда пайдо бўла бошлаган янгича карашлар, кишиларнинг руҳий оламидаги эврилишлар, фикр ва хаттиҳаракат эркинлигига бўлган эҳтиёж Орипов шеърларининг ғоявий мундарижасини белгилаб берди. Ориповнинг дастлабки шеърларидаги романтик кайфият аста-секин ўз ўрнини фалсафий мушоҳадаларга бўшатиб, шоирнинг ҳаётда рўй бераётган воқеа ва қодисаларга муносабати фаол тус олди. Шу маънода «Тилла балиқча», «Қўриқхона», «Генетика», «Оломонга» каби шеърлар Ориповнинг лирик шеърият уфкларини ҳаёт муаммолари тасвири ҳисобига кенгайтириб бораётганидан дарак берди. Худди шу нарса Ориповнинг достон жанрига мурожаат этиши ва лиро-эпик тасвир имкониятларидан самарали фойдаланишига сабабчи бўлди. Орипов «Жаннатга йўл» (1978), «Ҳаким ва ажал» (1980), «Ранжком» (1988) каби достонларида маънавият масалаларига алоҳида эътибор бериб, кишиларнинг руҳий оламидаги айрим қусурлар билан илмий-техник тараққиёт ва тафаккурнинг парвози ўртасидаги зиддиятни очиб ташлади. Умуман, Ориповнинг шеър ва достонларида олға сурилган маънавий муаммолар мустақиллик даврида, айниқса, долзарб аҳамият касб этиб, шоирнинг худди шу масалалар тасвирида ўз даврига нисбатан (уларнинг аксари 90-й. ларга кадар ёзилган) илғорлаб кетганини намойиш этди.

Орипов ижодида, бир томондан, Ғафур Ғулом лирикасига хос фалсафийлик кўзга ташланса, иккинчи томондан, Ҳамид Олимжон шеърларига хос мусиқий равонлик ва бадиий соддалик акс этиб туради.

Мазкур 2 манба О. шеърларида ўзаро туташган ҳолда орифона шеъриятнинг асосий хусусиятларини ифодалаб келади. Ориповнинг сўнгги йиллар лирикасида туйғу ва кечинмалар тасвири сусаймаган ҳолда яна бир муҳим фазилат бор. Бу, Орипов шеърларига лиро-эпик тасвир унсурларининг кўплаб кириб келишидир.

Орипов мустақиллик йилларида адабиётнинг ранг-баранг тур ва жанрларида ижод эта бошлади. Шу даврда тарихий адолатнинг тикланиши, ўтмишда яшаган саркардалар ва алломалар хотирасининг эъзозланиши Ориповнинг Амир Темурнинг Ўрта Осиё халкдари тарихий тақдирида ўйнаган буюк ролини кўрсатувчи «Соҳибқирон» шеърий драмасини (1998) ёзишга илҳомлантирди. Орипов бу асарида қарийб уч аср давомида ҳукм сурган қудратли Темурийлар салтанатининг асосчиси ва 15-а. да Шаркда Уйғониш даврининг бошланишига ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий шароит яратган Амир Темур образини ёрқин гавдалантириб берди. Мазкур асар республиканинг барча йирик театрлари ва қардош мамлакатлар саҳналарида катта муваффақият билан ўйналди.

Орипов — Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг матнини ёзган (1992). У Наврўз ва Мустақиллик бай-рамларини ўтказиш бўйича ёзилган сценарийларнинг аксарияти муаллифи.

О. Ёзувчилар уюшмаси раиси сифатида Ўзбекистондаги хоз. адабий жараёнга раҳбарлик қилмоқда. Шеърияти Муҳаммад Юсуф каби кўплаб ёш шоирлар ижодининг шаклланишига таъсир кўрсатган.

Данте «Илоҳий комедия»сининг «Дўзах» қисмини, А. С. Пушкин, Н. А. Некрасов, Т. Г. Шевченко, Л. Украинка, Р. Ҳамзатов, Қ. Қулиев ва М. Байжиев асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган. Ўз навбатида, унинг асарлари ҳам рус, инглиз, болгар, турк, украин, туркман, озарбай-жон каби кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган. 1990 й. дан Ўзбекистон Олий Кенгаши, 1995 й. дан Ўзбекистон Олий Мажлиси депутата. Орипов Калифорния (АКШ) Фан, таълим, саноат ва санъат халкаро академиясининг ҳақиқий аъзоси. Сока университети (Япония) проф. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Бош таҳрир ҳайъати аъзоси (1997 й. дан). Хамза номидаги (1983) ҳамда Алишер Навоий номидаги (1992) Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари лауреати.

Ас: Танланган асарлар [4-ж. ли], Т., 2001. Ад.: Қўшжонов М ., Мели С, Абдулла Орипов, Т., 2000.

Наим Каримов.

Prev Article

ОРИОН

Next Article

ОРИПОВ