ОРТОКЛАЗ (юн. orthos — тўғри ва klasis — синиш, ажралиш) — ишқорли дала шпатлари гуруҳига мансуб жинс ҳосил қилувчи минерал. K[AlSi3O8]. Таркибида К2О-16,9%, А12О3-18,4%, SiO2 – 64,7%, қаттиқлиги 6,5, зичлиги 2500 —2600 кг/м3. Табиатда кам учрайди. Ортоклаз кўпинча альбит-анортит минераллари б-н қаттиқ қоришмалар ҳосил қилади. Моноклин системада кристалланади. Кристаллари призматик шаклда. Майдаланганда 90° бурчакли бўлакчаларга бўлинади (номи шундан). Микроклиндан тўғри синиши билан фарқ қилади. Ҳар хил рангда (оч пушти, оч кулранг, қиз-ғиш, қўнғир-сариқ ёки оқиш, баъ-зан қизил) бўлади. Баъзи гидротермал ўзгарган зоналарда Ортоклазнинг шишасимон шаффоф турлари (адуляр) учрайди. Эффузив жинслардаучрайдиган Ортоклазнинг шаффоф тури синидин дейилади. Ортоклазнинг шаффоф ва ярим шаффоф турлари иризация (қирра ёки юзаларининг товланиши) хоссасига эга бўлиб, кристаллари мовий нур сочади ва ойтош деб аталади. Ортоклазнинг бу турлари заргарликда фойдаланилади, бошқалари керамика ва шиша саноатида хом ашё сифатида ишлатилади.