ОСИЁ АНТИЦИКЛОНИ

ОСИЁ АНТИЦИКЛОНИ, Марказий Осиё антициклони, Сибирь антициклони — Осиё устидаги юқори атмосфера таъсирининг мавсумий марказларидан бири. Қиш ойларининг кўп йиллик ўртача хариталарида Осиё устида жойлашган юқори босимли майдон. О. а. марказида ўртача босим 1030 дан паст бўлмайди. Бу совиган қуруклик устида антициклонларнинг тез-тез шаклланиши, уларнинг кучайиши ва туриб қолишининг статик натижасидир. Бунга маҳаллий топография ва орографиянинг таъсири жуда катта. Осиё антициклони уюшган жойда алоҳида антициклон ёки ўркачларнинг Тинч океан томон муттасил ҳаракати кузатилади ва юқори босимли субтропик зона жонланиб туради. Езда Осиё антициклони ўрнини Ғарбий Осиё термик депрессияси эгаллайди. Осиёнинг материк қисмида Осиё антициклони даврида совуқ (ер юзасига яқин қатламларда), сокин, кам булутли, кам қорли об-ҳаво хукмронлик қилади. Энг паст т-ра Осиё антициклонининг шим.шарқида (Верхоянск ш. да) кузатилади. Бунда т-ра —70° гача пасаяди, янв. ойидаги ўртача т-ра —50°дир. Осиё антициклонининг пастки қатламларида совуқ ҳавонинг чиқиб кетишига Саян, Олтой ва б. тоғ тизмалари тўсқинлик қилади, шунинг учун Осиё антициклони стационар турғун антициклондир. Осиёнинг шарқий чеккаларида, шарқ ва жан.шарқдан аҳён-аҳёнда денгиз ҳавоси бостириб келиши натижасида антициклоннинг марказий р-нларига қараганда қиш иссиқроқ бўлади. Осиё антициклонининг жан.-ғарбий қисми Ўрта Осиё ҳудудига таъсир қилиб, бу ерда турғун, очиқ, тинч об-ҳавога сабаб бўлади. Ёзда Осиё антициклони Осиё депрессиясига алмашинади.

Loading...