ОСТЕОМИЕЛИТ

ОСТЕОМИЕЛИТ (остео… ва юн. myeolos — мағиз, кўмик) — кўмикнинг яллиғланиши. Бунда яллиғланиш жараёни ҳеч қачон кўмик билан чекланмай, суякнинг қаттиқ (компакт) қисмига ва пардаси (периост)га тарқалади (қ. Периостит). О. кўпинча, одам скелети ғовак суякларининг бўғимга яқин жойида учрайди. Йиринглатувчи микроблар (стафилококк, стрептококк) кўпинча Остеомиелитга (носпецифик Остеомиелит) сабаб бўлади. Микроблар суяк тўқимасига узоқдаги йиринг ўчоғидан, мас, чипқондан, ангинада яллиғланган муртак безларидан, янги туғилган болаларда инфекция тушган киндикдан қон оқими билан (гематоген йўл б-н) келиши мумкин. Остеомиелит сил, захм касалликлари оқибатида хам пайдо бўлади (специфик Остеомиелит).

Остеомиелитнинг ўткир ва сурункали турлари бор. Ўткир гематоген Остеомиелит, одатда, 8—17 ёшда рўй беради. Кўпинча бадан совқотгач ёки лат егач, тўсатдан бошланади. Бемор жунжиб, т-раси 39—40° гача кўтарилади, пульси тезлашади, кўз одди қоронғилашади, ухлай олмайди, алаҳлайди. Сўнгра яллиғланган суяк оғрий-ди, устидаги тери шишиб, қизаради. Йиринг ёриб чиққанда т-ра пасаяди, беморнинг аҳволи яхшиланади. Остеомиелит оқиба-тида йирингли артрит ривожланиши, суяк синиши, сепсис пайдо бўлиши мумкин. Қонда лейкоцитлар кўпаяди.

Сурункали Остеомиелит, кўпинча, ўткир Остеомиелитдан (йиринг ёриб чиққандан кейин) ривожланиб, йиринг чиқадиган тешик ҳосил бўлади. Йиринг бемалол чиқиб турганда т-ра нормал бўлиб, асосан, кечаси ёки обҳаво ўзгарганда, жисмо-ний иш вақтида оғриқ сезилади. Йиринг тешиги қисқа вақт беркилиб турганда иситма чиқади, оғриқ кучаяди, яллиғланган суяк устидаги тери бўрта-ди (О. нинг зўриқиши). Сўнгра йиринг тешиги яна очилиб қолади. Остеомиелитни врач даволайди.