ОТЧОПАР

ОТЧОПАР, ипподром — йўртоқи ва чопқир отларни синаш (совитиш) ҳамда от спорти мусобақаларини ўтказиш учун мўлжаллаб махсус жиҳозланган жой; бу синов ва мусобақаларни ўтказишни ташкил қилувчи муассаса. Отчопарда отларни йўрттириб чопиш ва пойга ўтказиш учун мўлжалланган ҳалқасимон (доира) берк йўлкалар, томо-шабинлар учун мўлжалланган минбарли иншоот (асосан, финиш йўлкаси бўйлаб қурилади), ҳакамлар учун мўлжалланган минора (одатда, финиш чизиғи рўпарасига қурилади) бўлади. Йўлкалар ичида турли-туман от спорти мусобақаларини ўтказиш учун мўлжалланган майдончалар ва от билан сакраб ўтиладиган тўсиқкурилмалар қилинади. Отчопарда ёрдамчи ва хўжалик иншоотлари ва бинолари (ёпиқ манежлар, отхоналар, от тақалаш устахонаси, ветеринария лазарети, карантин хоналари ва б.) ҳам бўлади.

Отчопар даги йўлкаларнинг пойга ўтказиш, отларни йўрттириб чопиш ва аралаш хиллари бўлади. Пойга ўтказиш йўлкасида от пойгаси ўтказилади, отларни йўрттириб чопиш йўлкасида отлар йўрттиришга ва юк тортишга синалади, аралаш йўлкада ҳам пойгалар ўтказилади, ҳам отлар синалади. Йўлкалар, асосан, эллипс шаклида бўлади. Йўлкаларга чим ёки юмшоқ резина қопланиши мумкин. Чимли йўлкалар чопқир отлар учун, резина қопланган йўлкалар йўртма отлар учун ярайди. Йўлкаларнинг уз. 1600—2000, 2400 — 3000 м бўлиши мумкин.

Отчопар дунёнинг деярли барча йирик шаҳарларида бор. Баъзи Отчопар ларда тотализаторлар (отларга пул тикиладиган жойлар) ҳам бўлади. Ўзбекистонда от спорти (улоқ, «қиз қувиш» ва б.) қадимдан ривожланган. Булар кенг адирларда ўтказилади, махсус Отчопарлар қурилмайди. Тошкентда яхши жиҳозланган ва дунё меъёрлари талабларига жавоб берадиган Отчопар 1976 й. қурилган (меъморлар Р. У. Асанов, Э. И. Гусарова). Ун-гача (20а. бошидан) от пойгаси мусоба-қалари Қўйлиқдаги эски Отчопарда ўтказилган.

Loading...