ОВАЦИЯ (лот. ovatio) — Қад. Римда кичик триумф. О. га факат магистратларгина сазовор бўлишган; ғолибни тўла триумф билан тақдирлаш мумкин бўлмаган чоғдагина Овация ўтказилган. У триумфдан камроқ тантанаворлиги билан фарқ қилган: оддий магистрат кийимини кийган саркардалар, бошларига лавр эмас мирта япроқларидан қилинган тожни кийиб Римга жанг аравасида эмас пиёда ёки от минган ҳолда кириб келишлари лозим бўлган. Қурбонлик чоғида буқа эмас, қўй сўйилган. «Овация» сўзи лот. ovis — қўйдан ёки ажабланиш туйғуси — О! О!дан келиб чиққан.