ОЙДИН

ОЙДИН (тахаллуси, асл исм-шарифи Собирова Манзура) (1906.20.11 — Тошкент — 1953.30.5) — ёзувчи, драматург. Хотин-қизлар билим юрти (Инпрос)да (1919—23) ва Самарқанд педакадемиясида (1927 — 31) ўқиган. Ўздавнашрда бўлим бошлиғи (1931), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул котиб (1932 — 37). «Ёрқин ҳаёт» жур. Муҳаррири ўринбосари (1938-41), Ўзбекистон Радиоқўмитасида адабий эшиттиришлар бўлими масъул муҳаррири (1941—45), «Ўзбекистон хотин-кизлари» жур. бош муҳаррири (1946—53).

Илк шеърлар тўплами — «Тонг қўшиги» (1931) ва «Чечан қўллар» (1932)да ўзбек аёлларининг ҳаётда тутган ўрни, қадр-қиммати ва ўзига хос характерини реалистик бўёқларда тасвирлаган. «Чақалоққа чакмонча» (1939), «Қизларжон» (1943), «Ширин келди» (1944), «Мардлик — мангулик» (1947), «Ҳикоя ва очерклар» (1952), «Ҳикоялар» (1954) каби китоблари ўзбек ҳикоячилигининг энг яхши намуналаридир. Ойдин асарларининг асл моҳиятини бадиий адабиётнинг азалий муаммоси бўлган яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги кураш ташкил этади. Драма («Янгиликка қадам», 1925), айрим санъат арбоблари; М. Турғунбоева, Ҳ. Носирова ва б. ҳақида очерклар, адабий-публицистик мақолалар муаллифи. Тошкент кўчаларидан бирига Ойдин номи берилган.

Ас: Шеърлар, Т., 1937; Ҳикоялар, Т., 1967; Ширинга мактуб, Т., 1975; Гулсанам, Т., 1985.

Ад.: Зулфия, Ойдин Собирова [очерк], Т., 1953; Мирзаев С, Ойдин, Адабий портрет, Т., 1965.

Loading...