ОЙХОНИМ

ОЙХОНИМ — қад. шаҳар харобаси (мил. ав. 4-а. охири — 2-а. нинг 2-ярми) — Афғонистоннинг шим.-шарқида, Амударёнинг сўл қирғоғида, Кўкча дарёси қуйилиш ерида жойлашган. ЮнонБақтрия подшолиги даврида обод бўлган; Александрия Оксиана (П. Бернар) ёки Евкратидия деб аталган. Ойхоним даги археологик тадқиқотлар Афғонистондаги француз археологик миссияси (Д. Шлюмберже, сўнфа П. Бернар раҳбарлигида) томонидан (1964—78) олиб борилган.

Бақтрия шаҳарларидан бири бўлган Ойхоним, эллинизм даврида, юнон колонистлари томонидан юнон шаҳарсозлиги тамойилларига асосланиб қурилган. Ойхоним юқори (қалъа) ва қуйи (шаҳар), шунингдек, унинг шим.-шарқий томонида жойлашган шаҳар атрофидан иборат. Ойхонимнинг дастлабки 2 қисми қалин мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Қуйи шаҳар қисмида сарой, ибодатхона, ёшлар таълимтарбия оладиган гимназий ёки палестра харобалари очилган; ундан Гермей ва Геракл шаънига битилган юнонча маърифий ёзувлар топилган. Шаҳар марказида геройон — шаҳарга асос солган киши ёки унинг фахрий фуқаросининг мақбараси жойлашган. Қалъа яқинидан театр, шаҳарнинг асо-сий кўчаси, уй харобаси топилган. Шаҳар атрофидан эса мақбара, ибодатхона ва турар жой қолдикдари чиққан.

Ойхонимдан моддий ва бадиий маданиятнинг турли хилдаги кўплаб обидалари, тангалар, юнон эпиграфикаси ёдгорликлари, Гераклнинг бронза ҳайкали, ўсмир ҳайкали, ибодатхонага ўрнатилган улкан мармар ҳайкалнинг 5 пан-жали оёқ қисми, ибодатхонадан салавкийлар, юнон-бақтрия, ҳинд-юнон ва ҳинд мис ва олтин тангалари, темир буюмлар, қимматбаҳо тошлар хазина-си топилган.

Ад.: Великий шелковый путь, Т., 1999.

Эдвард Ртвеладзе.

Loading...