ЎГАЙ ОТА

ЎГАЙ ОТА — бошқа никоҳдан бўлган боланинг отаси. Ўгай ота ўгай болалар (ўгил ва қизлар)га нисбатан шахсий ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эмас. Ўгай ота ва ўгай бола (ўғил ва қизлар) ўртасида ҳеч қандай қариндошлик факти мавжуд эмас. Оила қонунчилигига кўра, Ўгай ота ва ўгай бола ўртасида мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар вужудга келиши мумкин. Агар Ўгай отанинг тарбияси ва таъминотидаги вояга етмаган болалар ота-оналари бўлмаса ёки ўз ота-оналаридан таъминот учун етарли маблағ ололмасалар, Ўгай ота уларга таъминот беришга мажбурдир. Ўз навбатида, ўгай болалар ўзларини маълум даврда тарбиялаган ёки таъминлаган Ўгай ота меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож бўлиб қолган тақдирда, уни моддий жиҳатдан таъминлаши кераклиги ҳам қонунда назарда тутилган (Ўзбекистон Республикаси ОК нинг 128-моддаси).