ЎЖАРЛИК

ЎЖАРЛИК — атрофдаги одамларнинг маслаҳатлари, илтимослари, кўрсатмалари ва ақлий мушоҳадаларига қаршилик кўрсатишдан иборат шахс иллати. Ўжарлик одамнинг ўз билганидан қолмасликда, шахсиятпарастларча интилишида намоён бўлади. У ғазаб, жаҳл, қасос олиш, кўнгил оғриш туйғулари туфайли юзага келиши мумкин. Одамнинг ташаббускорлик, мустақиллик хислатларининг қандайдир сабаблар таъсирида поймол қилинишига нисбатан норозилик ҳам Ўжарликни келтириб чиқаради. Ўжарлик одамлар даврасида ўзини ўзи тан олдириш, танитиш истагига ҳамоҳанг хулқ-атвор шакли. Ўжарлик кўпинча жаҳлдор, аламзада, шижоаткор кишиларда юзага келади. Болалар ва ўсмирларда Ўжарликнинг пайдо бўлишига асосий сабаб — турмушдаги ноқулай шартшароитлар, тарбиявий таъсирнинг заифлиги, уларнинг эҳтиёжларини қондирмаслик, ўзаро муносабатларда қўполлик, ҳамиятига тегиш омиллари ва бошқалар Улар ҳақҳуқуқларининг поймол этилиши, жисмоний ва ақлий камолоти камситилиши Ўжарлик сари етаклайди. Ўсмирларнинг кўпинча ноўрин, асоссиз қарорга келиши феълатворининг иллатига айланиб қолиш хавфини туғдиради. Ўжарликни бартараф этишни шахснинг ўзи англаб етса ижобий ўзгариш, иллатни йўқотиш имкони юзага келади.

Prev Article

ЎГАЙ ОТА

Next Article

ЎЗАК