ЎЛЧОВЛАР — физик катталикларни қайд қилиш (аниқлаш) га мўлжалланган ўлчаш воситалари. Масса ўлчови (тошлар) ёки ҳажм ўлчови (ўлчаш стакани, цилиндр ва бошқалар) каби оддий Ўлчовлар билан бирга мураккаброқ қурилмалар, мас, электр қаршилиги ғалтаклари, ёруғлик ўлчаш лампалари ва бошқалар ҳам Ўлчовлар жумласига киради. Ўлчовлар бир қийматли (тошлар, ўлчаш колбалари, индуктивлик ғалтаги ва бошқалар) ва кўп қийматли (шкалали чизғич, ўзгарувчан ҳажмли конденсатор) бўлади. Ўлчовларнинг номинал қиймати деганда Ўлчовларда кўрсатилган ёки унга ёзиб қўйилган миқдорлар (мас, 1 кг ли тош), ҳақиқий қиймати деганда Ўлчовлар воситасида аниқланиб, кичик хатолиги ҳисобга олинмаган миқдорлар тушунилади.
Ўлчовлардан эталон, намуна ёки нусха сифатида фойдаланилади. Соф ёки ҳосилавий хоссаларга эга бўлган моддалар — тоза сув, тоза газлар (водород, кислород), тоза металлар (рух, кумуш, олтин, платина ва бошқалар) алоҳида Ўлчовлар мезонини ташкил этади. Ўлчовларга аниқ физик хоссаларга эга бўлган стандарт намуналар (мас, маълум таркибли, қаттиқликли ва бошқалар хоссали пўлатлар) ҳам киради.