ЎЛИМ ЖАЗОСИ — олий жиноий жазо чораси. Жазонинг фавқулодда тури сифатида фақат алоҳида оғир, инсон ҳаётига қасд қиладиган жиноятлар учун белгиланиши мумкин. Шўролар даврида суд ҳукми ва маъмурий тузилмаларнинг қарорлари, ҳатто «олий раҳбариятнинг розилиги» билан аксилинқилобий фаолиятлари учун 800 мингга яқин ҳур фикрли айбсиз одамлар отиб ташланган эди.
Ўзбекистонда Ўлим жазосини жазолаш тизимидан буткул чиқариб ташлаш чоралари кўрилмоқда. Мустақилликдан сўнг ўтган вақт мобайнида Ўлим жазоси қўлланилиши мумкин бўлган жиноятлар таркиби 33 тадан 2 тагача қисқартирилди. Айни пайтда Ўзбекистон қонунчилигида фақат террорчилик ва оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдирганлик учунгина Ўлим жазоси берилиши кўзда тутилган, хотин-қизларга, вояга етмаганлар ва 60 ёшдан ошган шахсларга нисбатан Ўлим жазоси қўлланилиши ман этилган. «Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони (2005 йил 1 авг.)га кўра, 2008 йилнинг 1 янв. идан Ўлим жазоси ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий қилиниши назарда тутилган. Ушбу фармон инсоннинг яшаш ҳуқуқини эълон қилувчи ва мустаҳкамловчи халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мосдир.
Ўлим жазоси ҳозирда 58 мамлакатда бекор қилинган, 31 давлат қонунида кўзда тутилган бўлсада, кейинги 15 йил давомида уларнинг аксариятида ҳеч ким бу жазога ҳукм қилинмаган. Ўлим жазоси 77 мамлакатда, шу жумладан, Хитой, Эрон, Саудия Арабистони, Япония ва АҚШнинг 38 штатида қўлланмоқда. Покистон, Конго, Нигерия ва Яманда вояга етмаганлар ҳам Ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкин.