ЎЛКАШУНОСЛИК — маҳаллий аҳоли томонидан ўз она юрти ҳисобланган муайян ўлка, вилоят, шаҳар, туман, қишлоқ ва бошқалар ҳудудларнинг ҳар томонлама ўрганилиши. Ўлкашунослик табиий, ижтимоий, маданий, тарихий ва бошқалар тадқиқотлар мажмуидан иборат. Ўлкашуносликда ўлканинг табиати, аҳолиси, хўжалиги, тарихи, маданияти, археологияси, ўлка намояндалари ўрганилади. Ўлкашунослик комплекс ва соҳа Ўлкашунослик ликка бўлинади. Комплекс Ўлкашунослик турли соҳаларни бир-бири билан боғлиқ ҳолда, соҳа Ўлкашунослик география, тарих, этнография, маданият, топономика ва бошқалар соҳаларга оид масалаларни алоҳида ўрганади. Ҳоз. вақтда экологик вазият ва табиатни муҳофаза қилиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш масалаларини ўрганувчи Ўлкашунослик ривожланмоқда. Ўлкашуносликнинг асосий мақсади ўз ўлкаси табиати, аҳолиси, этнографияси, хўжалиги, маданияти, экологик вазият ва ҳ. к. ҳақида ашёвий далиллар, маълумотлар, намуналар тўплаб, уларни оммалаштириб, аҳоли билимини оширишдир. Ўлкашунослик жуда катта ижтимоий-сиёсий, маданиймаорифий, ўқувтарбиявий аҳамиятга эга. Айниқса, миллий қадриятларни аниқлаш ва оммалаштиришда Ўлкашуносликнинг ўрни жуда катта.
Ўзбекистонда Ўлкашунослик ташкилий шаклига кўра 3 турга бўлинади: илмий (давлат), жамоат ва мактаб. И л м и й (давлат) Ўлкашунослик бевосита давлат илмий ташкилотлари, илмий текшириш институтлари, табиий, тарихий ва археологик ёдгорликларни муҳофаза қилиш қўмиталари, табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари, махсус му зейлар ходимлари томонидан олиб борилади, тадқиқот маълумотлари тўпланади, топилмалар махсус музейларда кўргазмаларга қўйилади. Ж а м о а т Ў. маҳаллий ҳокимиятларнинг бевосита раҳбарлигида тегишли жойлардаги табиий, тарихий ва археологик, этн., топонимик ва бошқалар ташкилотлар мутахассислари томонидан олиб борилади. Мактаб Ўлкашунослик умумий таълим мактабларида, геогр., тарих, ботаника, зоол., тил ва адабиёт ўқитувчиларининг бевосита раҳбарлигида ташкил этилади. Ўлка табиати, тарихи, аҳолиси, хўжалиги, маданияти, этнографияси, топонимикаси, археологиясига оид далил ва топилмалар мактаб Ўлкашунослик музейларида намойиш этилади.
Ўзбекистон ҳудудида Ўлкашунослик тарихи ўрта асрларга бориб тақалади. Абу Райҳон Берунийнинг «Ҳиндистон», «АтТафҳим», «Минералогия», «Сайдана» асарларида Ўлкашуносликка, жумладан, топономик Ўлкашуносликка оид, Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида географик, топонимик Ўлкашуносликка оид маълумотлар жуда кўп. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари эса Ўлкашуносликнинг мумтоз асари ҳисобланади.
Мамлакатимизда ўлкани ҳар томонлама ўрганиш 20-аср ўрталарида айниқса ривожланди. Бунда ўлканинг табиати ва табиий бойликларини ўрганиш кенгайди. Чунки бу вақтда маҳаллий табиий бойликлар ва улардан халқ хўжалигида кўпроқ фойдаланиш вазифаси қўйилган эди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Ўлкашунослик ишлари халқ тарихини, қадриятларини ўрганишга, уларни тиклашга қаратилди. Фан ва техника ривожланиши, табиат ва табиий ресурслардан фойдаланишнинг жадаллашиши натижасида экологик Ўлкашунослик тез ривожланиб бормоқда. Мактабларда ёш ўлкашунослар гуруҳлари ташкил этилиб, ўз жойининг табиати, экологик шароитлари, тарихи, топонимикаси ва қадриятларини ўрганиш тараққий этмоқда. Баъзи мамлакатларда Ўлкашунослик мактабдаги таълим ишларининг таркибий қисми ҳисобланади.