ЎРДАК

ЎРДАК, хонаки ўрдак — ўрдаксимонлар оиласига мансуб парранда. Мил. дан минг йил олдин хонакилаштирилган. Ёввойи ўрдак — кряквадан келиб чиққан. Ўрдак деярли барча мамлакатларда, айниқса, Хитой (562 млн. бош), Индонезия (28 млн. бош), Вьетнам (50 млн. бош)да кўп урчитилади. Жаҳонда жами 830 млн. бош Ўрдак боқилади (1999). Ўрдакнинг тана тузилиши қайиқсимон, кўкраги кенг, бўйни ва боши узун, оёқ бармоқлари сузувчи парда билан қўшилган. Тумшуғи сарғишқизил ёки тўқ сариқ, бир оз қайрилган. Патларининг ранги оқиш, сарғимтир, кулранг, қора ва бошқалар Эркагининг думида бир нечта юқорига қайрилган патлари бор. 24—28 ҳафталигида жинсий етилади. Тўдада 5—6 макиёнга битта эркак Ўрдак қолдирилади. Бир мавсумда (5—6 ой) 90—130 та тухум қилади (сунъий туллатиб йилига 250 тадан тухум олиш мумкин). Тухуми вазни 85—90 г. Тухумидан тухум порошоги, меланж тайёрлашда ва кондитер саноатида фойдаланилади. Тухумдан жўжа очиб чиқиш (инкубация) муддати 27—28 кун. Вояга етган эркак Ўрдак вазни 3—4, макиёни 2,5—3 кг. Берадиган маҳсулотига қараб Ўрдак гўшт, гўшттухум ёки тухумгўшт, серпушт (сертухум) зотларга ажратилади. Ўрдак, асосан гўшт учун етиштирилади. Гўшти майин, мазали, парҳез маҳсулот. Хўжаликларда зотли Ўрдакнинг асосий қисмини п е к и н Ў. лари ташкил этади. Кичик фермер хўжаликлари ва хусусий хўжаликларда оқ москва, украина оқ ва кулранг Ўрдаки ҳамда хакикемпбелл ва бошқалар зотлари боқилади. Ўрдак гўшти, асосан, ихтисослаштирилган хўжаликларда интенсив технология асосида етиштирилади. Саноат усулида етиштиришда Ўрдаклар гўшт учун махсус катакларда боқилади.

Ўрдак жўжалари гўшт учун (7—8 ой) ҳар бир бош паррандага 8,8—9,1 кг тўла қимматли қуруқ аралаш ем билан боқилади. Ўрдаклар сув ҳавзаларида ўсадиган ўтлар, майда жониворлар билан ҳам озиқланади.

Айрим мамлакатларда (Франция, Италия, Дания ва бошқалар) саноат паррандачилигида Жанубий Америкада тарқалган ёввойи мускус Ў. ларидан келиб чиққан, оғирлиги 2—5 кг гача, гўшти майин, илвасин гўшти таъмини берадиган, ёғи кам мускус Ўрдак (Сашпа токспага) кўпроқ етиштирилади.

Loading...