ЎРДАКБУРУН

ЎРДАКБУРУН — ўрдакбурунсимонлар оиласи, бир тешиклилар туркумига мансуб сут эмизувчи ҳайвон. Оиланинг ягона тури. Танасининг уз. 30—45 см, думи 10—15 см. Бошининг учида тери билан қопланган ясси мугуз «тумшуғи» (уз. 6,5 см га яқин) бўлади. Сувга шўнғиганида кўзи ва қулоқ тешиги тери бурмалари билан ёпилади. Думи ясси ва узун, 5 бармоқли оёкларида сузгич пардалари бор. Тишлари фақат ёш ҳайвонларда бўлади; вояга етган даврида улар ўрнини мугуз пластинка эгаллайди. Жуни юмшоқ ва қалин; орқа томондан қорамтирқўнғир, остки томондан кулранг тусда. Ў. Шарқий Австралия ва Тасманияда тарқалган. Дарёлар ва бошқалар сув ҳавзалари қирғоқларида ва сувда яшайди. Майда сув ҳайвонлари билан озиқланади. Урғочиси йилда 1 марта сув ҳавзалари қирғоғида ковланган инига 1—2, баъзан 3 та тухум қўяди. Қимматбаҳо мўйнаси учун кўплаб овланган. Ҳозир овлаш ман этилган.

Loading...