ЎРМОН ХЎЖАЛИГИ

ЎРМОН ХЎЖАЛИГИижтимоий ишлаб чиқариш тармоғи. Ўрмонни ўрганиш, ўстириш ва қайта тиклаш, ҳисобга олиш ишларини амалга оширади, ўрмонни ёнғиндан, зараркунанда ва касалликлардан муҳофаза қилади, халқ хўжалигининг ёғоч ва бошқалар ўрмон маҳсулотларига бўлган талабларини қондириш мақсадида ўрмон ресурсларидш фойдаланишни тартибга солади. Ўрмон хўжалигининг асосий вазифаси биосферанинг муҳим таркибий қисми сифатида ўрмонлардан оқилона фойдаланиш ва уларни асраш. Ўрмон хўжалигининг асосий тамойиллари ўрмондан, ўрмон ресурслари ва ўрмон фонди ерларидан узлуксиз, тўлиқ ва мақсадга мувофиқ фойдаланишни таъминлаш, ўрмонни ўз вақтида тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ва сифатини ошириш ва бошқалар Ўрмон хўжалигида катта захирадаги етилган дарахтлари кўп ўрмонли минтақаларда ёғоч тайёрлаш ишларини ўрмон саноатига қарашли ихтисослашган хўжаликлар олиб боради. Ўрмон хўжалиги ўрмонни ўрганиш, ҳисобга олиш, қайта тиклаш, уни муҳофаза қилиш, ўрмондан фойдаланишни тартибга солиш ишларини; ёғоч тайёрлаш ва унга дастлабки ишлов бериш ишларини ҳам олиб боради. Ўрмон хўжалигининг муҳим хусусияти ўрмон етиштиришнинг узоқ давом этишидир (2050 йил).

Ўзбекистонда замонавий маънодаги биринчи Ўрмон хўжалиги 1873 йил ҳоз. Бўстонлиқ тумани ҳудудида ташкил этилган. 1875 йилда Туркистон тоғ тизмасининг Молгузар тармоғи ён бағрида Зомин ўрмонзор дам олиш маскани Ўрмон хўжалиги, 1890 йилда Тўрткўл Ў. х. иш бошлади. 1925 йилгача республикада умумий майдони 642,3 минг га бўлган 16 Ўрмон хўжалиги ва 36 ўрмонзор дам олиш масканлари бор эди. 1996 йилда республикада Ўрмон хўжалиги корхоналари, қўриқхона ва парклар сони 90 тага етди. Ўзбекистонда Тошкент, Чирчиқ, Бекобод, Сирдарё, Самарқанд, Зомин, Шофиркон, Пешку, Қоракўл, Қарши, Қумдарё, Косон, Яккабоғ, Термиз, Боботоғ, Денов, Узун, Бахмал, Нукус, Тўрткўл, Фарғона, Қўқвн, Андижон, Наманган ва бошқалар 70 га яқин Ўрмон хўжалиги лари фаолият кўрсатади. Ўрмон хўжалиги корхоналарининг асосий вазифалари ўрмонларнинг умумий экологик, иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда республика ўрмон ресурсларини қайта тиклаш, қўриқлаш, халқ хўжалиги учун ўрмон маҳсулотлари ва доривор ўсимликлар етиштириш ва тайёрлаш, шунингдек, лалмикор ерларда сунъий ўрмон яратиш, суғориладиган майдонларда иҳота ўрмонлари ташкил этиш, тоғлардаги табиий арча, писта, бодом, ёнғоқзорларни қайта тиклаш, уларнинг ҳосилдорлигини ошириш ва бошқалар Республиканинг Ўрмон хўжалиги корхоналарида йилига 50—60 минг м3 ёғоч, шу жумладан 2 минг м3 дан ошиқроқ бинокорликка яроқли ёғоч, 300 т дан кўпроқ турли ўсимлик, бута, дарахт уруғлари тайёрланди. Ўрмон хўжалигида 36 дан зиёд ёввойи доривор ва озиқ-овқат ўсимликлари тайёрланади, республиканинг фармацевтика ва озиқ-овқат корхоналарига 700 т дан зиёд хом ашё етказиб берилади. Республикада Ўрмон хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ўрмончилик бош бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси амалга оширади. Ўрмон хўжалиги муаммолари Ўзбекистон ўрмонхўжалиги институти ҳамда ўрмонқурилиш ва лойиҳаизланиш корхонасида олиб борилади. Республика Ўрмон хўжалиги учун олий маълумотли мутахассислар Тошкент аграр ун-тининг Ўрмон хўжалиги фтида, Тошкент ўрмонмелиорация коллежида тайёрланади.

Loading...