ЎРТА СИБИРЬ ЯССИТОҒЛИГИ

ЎРТА СИБИРЬ ЯССИТОҒЛИГИ — Шим. Осиёнинг марказий қисмидаги кенг ясситоғли ўлка. РФ Красноярск ўлкаси, Саха Республикаси ва Иркутск вилояти ҳудудида. Енисей ва Лена дарёлари оралиғида. Шим. да Шимолий Сибирь текислиги, жан. да Шарқий Саян, Байкалбўйи ва Шим. Байкалорти тоғлари билан чегарадош. Майд. 3,5 минг км2 чамасида.

Ўрта Сибирь Ясситоғлиги геологик жиҳатдан Сибирь платформасига тўгри келади. Унинг фундаменти архей ва протерозой эраларига мансуб бўлган метаморфизлашган ва бурмаланган чўкинди жинсларидан тузилган. Айрим жойларда (Алдан қалқони, Анабар массиви) ер юзасига чиқиб ётади. Қолган жойларда палеозой ва мезозойнинг қалин ётқизиқлари остида қолиб кетган. Уларнинг қалинлиги Анабар массиви атрофларида, Алдан қалқонининг шим. ён бағирларида 1 — 1,5 км дан Тунгус синеклизаси ва Вилюй чўкмасида 8—12 км га етади. Ушбу ётқизиқлар ичида базальт, диабаз, габбродиабаз каби отқинди жинслар, яъни трапплар кенг тарқалган. Қалинлиги, баъзан, 2000 м гача бўлган бу траппларнинг майд. 1 млн. км2 дан ошади. Ясситоғликнинг ўртача бал. 500—700 м. Мутлақ баландликлари 200 м дан 1500—1700 м гача. Унинг энг баланд жойлари Путорана тоғи (1701 м) ва Енисей кряжи (1104 м)га тўғри келади. Ясситоғлик чуқур дарё водийлари билан ўйилган. Водийларнинг ён бағирлари қўпинча тик тушган, айрим жойларда эса дара шаклида. Дарёлар ораликлари зинапоясимон кўтарилиб борадиган кенг ва ясси ҳудудлардан иборат.

Ўрта Сибирь Ясситоғлиги иқлимининг энг асосий хусусияти унинг кескин континенталлигидир. Ўртача ойлик траларнинг йиллик амплитудаси 55—60° гача, энг иссиқ кун билан энг совуқ кун трасидаги фарқ 102° гача. Янв. нинг ўртача т-раси ясситоғликнинг жан. ғарбида — 18°, шимшарқида —46° гача, июлники шим. да 12° дан жан. да 20° гача. Йиллик ёғин миқцори ҳам ҳудуд бўйлаб бир текис тақсимланмаган. Ясситоғликнинг ғарбий қисмида 500—600 мм, шарқий қисмида эса 250—400 мм. Энг кўп ёғин (700—800 мм) Путорана тоғларига тўтри келади. Бундай иқлимнинг вужудга келиши сабабларидан бири кўп йиллик музлоқ ерларнинг кенг тарқалганлигидир. Ўрта Сибирь Ясситоғлигининг шим. чеккаларида музлаб ётган тоғ жинсларининг қалинлиги 600—800 м, Марха дарёси водийсида эса 1500 м гача. Ясситоғлик ҳудудқдан оқиб ўтадиган дарёлар (Қуйи Тунгуска, Тошлоқ Тунгуска, Ангара, Лена, Вилюй, Анабар, Оленёк ва бошқалар) серсув, тезоқар ва гидроэнергия ресурсларига бой. Уларда йирик ГЭС лар (Иркутск, Братск, УстьИлим, Красноярск, Вилюй, Хантай ва бошқалар) қурилган.

Кескин континентал иқлим ва кўп йиллик музлоқ ерларнинг кенг тарқалганлиги тупроқ ва ўсимлик қоплами ҳамда ҳайвонот дунёсининг шаклланиши ва географик жойлашишига катта таъсир кўрсатган. Ясситоғликнинг катта қисми тайга зонасига тўғри келади. Дарахтлари, асосан, сибирь тилоғочи (ғарбда) ва даурия тилоғочи (шарқда) дан иборат. Тупроқлари таркибида майда тош зарралари кўп учрайдиган музлоқ тайга тупроқларидир. Ангара дарёси ҳавзасида чимли подзол тупроқларда қарағай ва қарағайтилоғоч ўрмонлари учрайди. Ёввойи ҳайвонлардан, асосан, мўйнали ҳайвонлар (олмахон, сувсар, колонок, тийин, ондатра, шимол тулкиси ва бошқалар) тарқалган.

Ясситоғликнинг жан. да ўрмонли даштга хос ҳудудлар ҳам учрайди. Ўрта Сибирь Ясситоғлиги фойдали қазилмаларга бой. Айниқса, тошкўмир (Тунгуска, Иркутск ҳавзалари), қўнғир қўмир, темир рудаси, никель, олтин, олмос захиралари катта аҳамиятга эга. Улардан ташқари графит, тош тузи, слюда, боксит, табиий газ конлари ҳам мавжуд. Қўриқхоналар бор.

Loading...