ЎСИМЛИКЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

ЎСИМЛИКЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ, ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш — 1) қ. х. фанларининг бир соҳаси; ўсимликларга зараркунанда, касалликлар, бегона ўтлар етказадиган зарарни ўрганади ва унинг олдини олиш ҳамда бартараф қилиш тадбирларини ишлаб чиқади;

2) қ. х. ва ўрмон хўжалигида зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари ҳамда бегона ўтларни йўқ қилиш учун ишлаб чиқиладиган тадбирлар тизими. Унинг вазифаси фақатгина зараркунанда организмларни йўқ қилиш ёки улар фаолиятини чегаралаб қўйишдангина эмас, балки уларнинг пайдо бўлиш муддатлари ва тарқалиш кўламини олдиндан аниқлаш, шунингдек, энг хавфли зараркунандаларнинг бир ҳудуддан бошқасига тарқалишининг олдини олишдан ҳам иборат (қ. Карантин). Ў. ҳ. қ. қишлоқ хўжалиги энтомологияси, фитопатология, ботаника, микология, бактериология, вирусология, экология, биоценология, кимё, биокимё, ҳайвонлар ва ўсимликлар физиологияси, физика, биофизика, генетика, селекция, токсикология ва бошқалар фанлар маълумотларига асосланади. Ўсимликларнинг зараркунанда ва касалликлари, бегона ўтлар экинларга, хусусан, ҳосилга катта зарар етказади. Шу сабабли қ. х. маҳсулотларини етиштиришда, уларни сақлаб қолишда Ўсимликларни ҳимоя қилиш муҳим роль ўйнайди. Зараркунанда ва касалликларнинг ўсимликларга етказадиган зарари қадимдан маълум. 18-аср бошларида ўсимлик касалликларини таснифлашга француз ботаники Ж. Турнефор уриниб кўрди. 18-асрнинг 2-ярмида кўпчилик касалликларнинг юқумлилиги тажрибалар асосида исботланди (Россияда А. Т. Болотов, Францияда А. Тиллет, Италияда Ф. Фонтана, Данияда Я. Фабрициус ва бошқалар). 18-асрнинг 2-ярмида немис олими А. де Бари, рус олими М. С. Воронин ва бошқалар томонидан фитопатоген замбуруғларнинг янги турлари, уларнинг морфологияси, ривожланиш хусусиятлари аниқланади. 19-асрнинг 2-ярмида ўсимлик зараркунандалари ҳамда касалликларининг бир қанча мамлакатлар иқтисодиётига етказган зарари уларни ўрганиш ва уларга қарши қураш тадбирларини ишлаб чиқишни тақозо этди.

19-аср охири — 20-аср бошларида фитопатоген замбуруғлар, бактериялар, вируслар, нематодаларнинг минглаб турлари кашф қилинди. Асосий зараркунандаларнинг турлари биологияси ва физиологияси ўрганилди; зарарли организмларга қарши кураш чоралари такомиллаштирилди.

Туркистонда Ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича дастлабки илмий асосланган усуллар 1898 йилда Чигирткага қарши кураш қўмитасининг таклифига кўра ишлаб чиқилган. 1911 йилда Тошкентда Туркистон энтомология ст-яси ташкил этилди, ғўза, қанд лавлаги зараркунандаларини ўрганиш ва уларга қарши кураш чоралари қўлланилди.

1925 йилда Туркистон энтомология ст-яси Ўзбекистон ўсимликларни ҳимоя қилиш ст-ясига айлантирилди ва шу билан бир вақтда Ширабудин (Бухоро вилояти) ва Хива қ. х. тажриба ст-яларида Ўсимликларни ҳимоя қилиш бўлимлари очилди. 1929 йилда Бош пахта комитети Ўзбекистон Ўсимликларни ҳимоя қилиш ст-ясининг бир неча бўлимларини бирлаштириб, ғўза зараркунандаларини ўрганиш учун махсус ст-я барпо этди; кейинчалик бу ст-я Бутуниттифоқ пахтачилик илмий текшириш институти (СоюзНИХИ)нинг Ўсимликларни ҳимоя қилиш марказий ст-ясига айлантирилди. 1957 йилда СоюзНИХИ марказий ст-яси асосида ҳоз. Ўзбекистон ўсимликларни ҳимоя килиш институти ташкил қилинди.

Ҳосилни самарали ҳимоя қилишга зараркунанда ва касалликларнинг ривожланиши ҳамда кўпайиши прогнозини тузиш, зараркунандалар миқцори ҳамда касалликлар ўчоғини ўз вақтида аниқлаш мақсадида экин, кўчатларни, шунингдек, бегона ўтларни текширувдан ўтказиш, турли усул ва воситалар қўллаб ўсимликларга ишлов бериш каби чоратадбирлар системасини режали равишда қўллаб эришилади. Зараркунанда, касалликлар ва бегона ўтларга қарши бир қанча кураш усуллари қўлланади. Ўсимликларни агротехник ҳимоя усули ташкилийхўжалик ва экинлар парваришининг техник усуллари, шунингдек, қ. х. маҳсулотларини сақлаш йўллари, яъни зараркунандаларнинг кўпайиши ва тўпланиши, касалликларнинг ривожланишига қарши кураш усуллари (экиш муддати ва усуллари, тупроққа ишлов бериш, ўғит солиш нормалари, бегона ўтларга қарши кураш, алмашлаб экиш, мелиорация)ни ўз ичига олади. Механик ва физик ҳимоя усулларита зараркунанданинг қ. х. ўсимликлари ичига киришига қаршилик қилувчи усуллар (зараркунандани тутиб олиш, куйдириш, музлатиш, сув бостириш, электр токи таъсирида йўқ қилиш ва шу кабилар) киради. Зараркунандаларни жалб этиб, сўнгра нобуд қилиш учун ёруғлик тутқичлари, шунингдек, органик бирикмалар — аттрактантлардаи фойдаланилади. Ўсимликларни кимёвий ҳимоя усули турли кимёвий дорилардан фойдаланишга асосланган; салбий томонлари кўплигига қарамай бу усул ҳозирда Ўсимликларни ҳимоя қилишда етакчи усуллардан биридир. Ўзбекистонда 2005 йилда фақатгина ўсимликлар зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши 200 га яқин кимёвий воситалар қўлланилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари Давлат комиссияси кимёвий ва биологик препаратлардан фойдаланишга рухсат беради ва уларни қўллаш қоидаларига қатъий амал қилишни назорат қилади. Ўсимликларни биологик ҳимоя усулит зараркунандаларга қарши паразитлар, йиртқич ҳашаротлар, микроорганизмлар ва антибиотиклардан фойдаланилади.

Ўсимликларни генетик ҳимоя усули икки организм: паразит билан ўсимликхўжайиннинг ўзаро таъсирига асосланган. Ўсимликнинг касаллик ва зараркунандаларга нисбатан иммунитети (чидамлиги) муҳим аҳамиятга эга. Ўсимликларни микробиологик ҳимоя усулида касаллик ҳамда зараркунандаларга қарши курашиш учун микроорганизмлардан фойдаланилади. Ўсимликларни уйғунлашган — интеграл ҳимоя усулида зараркунанда ҳашаротлар ҳамда каналарга қарши курашиш учун кимёвий ва биологик кураш усуллари биргаликда олиб борилади. Бунда одам томонидан бузилган агробиценоздаги турлар нисбатан тикланади, бу эса биосферани муҳофаза қилишнинг муҳим омилларидан биридир.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш назариясини яратишда С. Н. Лгимуҳамедов, Н. Г. Запрометов, В. А. Знаменский, К. И. Мирпўлатов, М. Н. Нарзиқулов, Р. О. Олимжонов, Т. Д. Страхов, В. Н. Шчеголев, В. В. Яхонтов ва бошқалар нинг ишлари катта аҳамиятга эга бўлди. Ўзбекистонда Ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича амалий тадбирларни Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ўсимликларни ҳимоя қилиш маркази режалаштиради, уюштиради ва бажарилишини назорат қилади. У. нинг ҳузуридаги Ўсимликларни ҳимоя қилиш ст-ялари, касаллик, зараркунандаларнинг тарқалиши ва кўпайишидан огоҳлантириш пунктлари (156 та) да бевосита Ўсимликларни ҳимоя қилиш тадбирлари бажарилади. Ўзбекистон ўсимликларни ҳимоя қилиш ин-тида, олий ўқув юртлари, тажриба ст-яларида шу соҳага оид илмий ишлар олиб борилади.

Ўзбекистон Республикасида Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат бошқаруви ва назорати Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитарияэпидемиология хизмати, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва бошқалар давлат бошқаруви органлари томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасининг «Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида» Қонуни (2000 йил 31 авг.) Ў. ҳ. қ. ни таъминлаш, Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг инсон соғлигига, атроф муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.

Ад.: Яхонтов В . В ., Ўрта Осиё қишлоқ хўжалиги ўсимликлари ва маҳсулотлари зараркунандалари ва уларга қарши кураш, Т., 1953; Сельскохозяйственная энтомология, М., 1976; Поспелов С. М., Ўсимликларни ҳимоя қилиш, Т., 1978; Ўзбекистон Республикасида ишлатиш учун рухсат этилган ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари рўйхати, Т, 2003.

Султон Алимуҳамедов, Муроджон Рашидов.

Loading...