ЎСИШ

ЎСИШ (иқтисодиётда) — мамлакатда товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар яратиш ҳажмининг олдинги йил (давр) ларга нисбатан кўпайган миқдорда такрорланиши. Иқтисодий ўсишни таъминлаш ҳар қандай мамлакат иқтисодий сиёсатининг асосий мақсади ҳисобланади. Йилдан йилга аҳоли сонининг кўпайиши, кишилар эҳтиёжларининг мутассил ортиб бориши иқтисодий Ўсишни шарт қилиб қўювчи асосий сабаблардандир. Иқтисодий Ўсиш аҳоли турмуш даражасини оширишга, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Иқтисодий Ўсиш негизида иқтисодиётдаги етакчи тармоқларнинг ривожланиши туради. Иқтисодий ўсиш ишлаб чиқаришнинг илғор тузилмасига, юқори меҳнат унумдорлиги даражасига, ички ва ташқи бозорда талаб катта бўлган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, маҳсулотни қулай бозорларда сотишга таянади. Бошқача айтганда, иқтисодий Ўсиш маҳсулот ишлаб чиқаришнинг реал ҳажмини муттасил қўпайтириб бориш ва айни пайтда жамият тараққиётида технологик, иқтисодий ва ижтимоий тавсифларнинг яхшиланиб боришини англатади.

Иқтисодий Ўсишни аниқлаш ва ҳисоблашда мамлакат иктисодий тараққиётининг энг умумий кўрсаткичи бўлган ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) асос бўлиб хизмат қилади ва иқгисодий ўсишнинг муайян давр мобайнида реал ЯИМ ҳажмининг ижобий томонга ўзгаришини кўрсатади. Иқтисодий ўсиш суръатлари ЯИМ ўсиш суръатларида ўз аксини топади.

Иқтисодий Ўсиш мамлакат иқтисодиёти ривожланишининг умумий ҳолатини ифодалайди. Реал ЯИМ ҳажмининг ўзгариши мамлакат иктисодиёти ҳолати ва динамикаси тўғрисида маълумот берсада, иқтисодий Ўсишни тўлиқ акс эттирмайди. Мас, мамлакат аҳолисининг Ўсиш суръати 3% ни, реал ЯИМ нинг Ўсиш суръати ҳам 3% ни ташкил этди. Бундай ҳолатда, гарчи ЯИМ ҳажми ўсган бўлсада, кишиларнинг даромадлари ўзгармай қолади. Шу сабабли иқтисодий Ўсишни тўлароқ акс эттириш учун бошқа бир кўрсаткич — аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилган реал ЯИМнинг ўзгариши қўлланилади.

Реал ЯИМ ҳажмининг ўзгариши умуман мамлакат иқтисодиётининг муайян давр оралиғидаги ривожланишини ифодаласа, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал ЯИМ ҳажмининг ўзгариши иқтисодий ривожланишга кишилар турмуш даражаси орқали баҳо беришга хизмат қилади.

Мамлакат иқтисодиётида яратилган ЯИМ ишлаб чиқариш омиллари — ер, капитал ва меҳнат ресурсларининг ўзаро таъсирида шаклланади. Булар иқтисодий Ўсишнинг миқдорий омилларига киради (мас, фойдаланилаётган экин майдонларни кенгайтириш ЯИМ ўсишига ижобий таъсир кўрсатади). Ушбу омилларни ишлаб чиқариш жараёнига кенгроқ жалб этиш натижасида юз берадиган иқтисодий Ўсиш экстенсив ўсиш деб аталади.

Иқтисодий Ўсишнинг сифат омиллари ҳам мавжуд бўлиб, уларга меҳнат, капитал ва ер (табиий) ресурслари унумдорлиги киради. Сифат омиллари ҳисобига юз берадиган иқтисодий Ўсиш интенсив ўсиш деб юритилади.

Ишлаб чиқариш омилларининг чекланганлиги экстенсив Ўсиш.нинг имкониятларини чегаралайди. Шу сабабли ресурслар чекланганлиги шароитида интенсив ўсиш самарали ҳисобланади. Фантехника тараққиёти ҳам интенсив иқтисодий ўсишни рағбатлантиради. Кейинги йилларда бир қатор ижтимоий қўрсаткичлар иктисодий Ўсиш шарти ва натижаси тарзида қаралмоқда. И. ч. соҳасида — бандликнинг юкобий динамикаси; тақсимот соҳасида — аҳолининг реал даромадлари ва бошқалар бир қатор кўрсаткичлар динамикаси; айирбошлаш соҳасида — савдо ва умумий овқатланиш моддий базасининг ривожи, чакана савдо айланмаси динамикаси; истеъмол соҳасида — истеъмолнинг ва ноишлаб чиқариш жамғаришнинг ўсиши шундай кўрсаткичларга киради. Иқгисодий ўсишнинг асосий ижобий томони — унинг ишлаб чиқариш ва истеъмол тузилмаси ўзгаришларига таъсир кўрсатишидир.

Нурислом Тўхлиев.