ЎТОВ

ЎТОВкўчма уй, турар жой; кўчманчи, ярим кўчманчи халқларнинг асосий турар жойи. Енгил хом ашё (асосан, ёғоч)лардан конуссимон шаклда ясалади: айлана шаклдаги панжара девор ва тепа қисмдан иборат бўлиб, устидан кигиз билан ёпилади; шунинг учун «уй», «кигиз уй» деб аталади. Ўтовнинг ўртасида ўчоқ жойлашади, ичи ўзига хос тарзда қисмлар (аёллар қисми, эркаклар қисми ва бошқалар)га бўлинади. Тузилиши жиҳатидан бир хил бўлган Ўтов ташқи кўриниши (безаклари), пастбаландлиги, каттакичиклиги билан фарқланади. «Ўтов» сўзи, кўпинча янги оқ кигиз билан қопланган, келинчакларга атаб қурилган уйларга нисбатан ишлатилган; янги кигиз устидан оқ мато қопланган, оқ арқонлар билан тортиб безатилган. Бундан ҳашаматли Ўтов «оқ уй» деб аталади. Оддий Ўтовлар, кўпинча хўжаликлар эҳтиёжи учун тикланган Ўтовлар «қора уй» дейилади. Тарихий ёзма манбаларда Ўтов Ўрта Осиё ва Жанубий Сибирда яшаган халқларда қадимдан мавжудлиги, ҳатто ўрта асрларда тўрт ғилдиракли катта араваларга Ўтов тикиб фойдаланилгани қайд этилган. Ўтов 20-аср бошларигача Марказий Осиё ва Ўрта Осиё, Жанубий Сибирь, шунингдек, мўғуллар ва бошқалар бир қанча халқларда мавжуд бўлган. Халқларнинг ўтроқлашиши натижасида Ўтов ўз аҳамиятини қисман йўқотган; қулай бошпана сифатида асосан чўпонлар ундан фойдаланади. Солномаларда «оқ уй»ларнинг ҳар хил турлари (сарпарда, сарқалъа ва бошқалар) бўлганлиги қайд этилган.

Loading...