ЎТРОҚ

ЎТРОҚ, Атрак (12-аср) — Дашти Қипчоқ даги қипчоқ хонларидан бири. Шаруканттт ўғли. 1103, 1107, 1111 йилларда Киев князи Владимир II Мономах, қипчоқлар устидан ғалаба қозонгач, Доннинг ўрта оқими қирғоқларидан жан. га қараб кетган. Унинг қўшинлари Белая Вежа яқинида бижанақлар ва торкларнинг бирлашган кучларини тормор келтирган (1117 йил). 1118 йил бир неча қипчоқ ўрдалари Ўтроқ бошчилигида Кавказолди даштларига келиб жойлашганлар. Айни шу йили Грузия шоҳи Довуд «Қурувчи» Ў. ҳузурига ўз элчиларини юборган ва унга ўз қабиладошлари ва тобе одамлари билан Грузияга кўчиб келишни таклиф этган. Ўтроқ билан Дарёли орқали Грузияга 40 минг қипчоқ, жумладан, 5 минг сара аскар келган. Шу билан бирга Кавказолдида Ўтроққа тегишли 35 минг жангчи қолган. Довуд Ў. одамларини мамлакатнинг жан. ва шарқий чегаралари, салжуқийлар босқини натижасида аҳолиси деярли қирилиб кетган Картлига жойлаштирган. Довуд Ўтроқ қўшинидан ички ва ташқи душманлари — грузин мулкдорлари ва салжуқийларга қарши курашда фойдаланган. Ўтроқ саройда катта мавқега эга бўлган. Бу нафақат унинг кучли қўшини туфайли балки шоҳ билан қариндошлик муносабатлари ўрнатганлигида, қизи Гурандўхтни шоҳга хотинликка берганлигида эди. Владимир Мономахнинг вафот этгани ҳақида Ўтроққа акаси Сирчанхон хабар бериб, уни даштга қайтишга чақирган. 12-асрнинг 20-й. лари охирида Ўтроқ бир қисм қўшин билан Дон дарёси соҳилларига қайтган. Унинг ўғли Кончак 12-асрнинг 2-ярмида қудратли қипчоқ хонларидан бўлган.

Жавли Турсунов.

Loading...