ЎЙМАКОРЛИК — амалий санъатнинг қадимий ва кенг тарқалган тури; ёғоч, ганч, металл, тош, суяк, терракота ва бошқаларни ўйиш, йўниш, кесиш йўли билан бадиий шакл ясаш санъати. Буюмлар, турли асбобларни нафислаштиришда, биноларни безашда, кичик шаклли ҳайкалтарошлик композициялари яратишда кенг қўлланади. Ўймакорликнинг мустақил жанри глиптика; фойдаланадиган хом ашёсига кўра ёғоч ўймакорлиги, ганч ўймакорлиги, тош ўймакорлиги, металл Ўймакорлик (кандакорлик), суяк ўймакорлиги каби турлари бор.
Ўрта Осиёда, жумладан, Ўзбекистон ҳудудида Ўймакорлик жуда қадимдан ривожланган. Ибтидоий одамлар ёғоч, суяк, ҳаивон шохларидан ўзлари учун зарур қуроллар яратиб, уларни «безашган», турли рамзий чизиқ ва белгилар ишлашган, тошларга расмлар чизишган (қ. Қоятош расмлари). Ўзбекистоннинг жан. даги Оқтом ва Қуйи Мозордан топилган ҳайвон шохи ҳамда суяк бўлагига чизиб ишланган тасвирлар мил. ав. 2 — 1-минг йилларга мансуб. Юмалоқтепа қаърида мил. 5-6-асрларга оид ёғоч Ўймакорлик намуналари сақланган. Фаёзтепа, Қоратепа, Айритом пойдеворлари мармар, тошдан ишланиб Ўймакорлик билан безатилган ёдгорлик намунасидир.
Ўрта Осиёда Ўймакорлик 3 йўналишда мавжуд бўлган: нақш Ў., мавзули (одам ва ҳайвон тасвири ишланган) Ўймакорлик ҳамда нақш ва мавзули Ўймакорлик уйғунлигидаги мураккаб композициялар. Афросиёб, Фаёзтепа, Айритом ва бошқаларда қурилган сарой, ибодатхона, зодагонларнинг уй ва қасрлари шундай Ўймакорлик билан безатилган. Арабларнинг бу ҳудудга кириб келиши билан безак санъатида кўпроқ геометрик ва ислимий нақшлар кенг ўрин эгаллаб, улар халқнинг маънавий эстетик қарашларини акс эттирувчи воситага айланди.
Шоҳизинда мажмуидаги девор орасидан топилган ёғоч Ўймакорлик намунаси 12-асрга мансуб. Шайх Сайфиддин Боҳарзий мақбарасидат ёғоч тахтадаги нақшлар, ганч Ўймакорлик намуналари ғоят мураккаб ва нафис. Амир Темур ва Темурийлар даврида яратилган Ўймакорлик намуналари юксак маҳорат ва нозик дид билан бажарилган, унда устанинг маҳорати, халқнинг фалсафийэстетик қарашлари, гўзаллик ва жаннат тўғрисидаги тушунчалари рамзий шаклларда ўз ифодасини топди (Ширинбека оғо мақбараси ўйма нақшлари, Қусам ибн Аббос мажмуаси эшиклари, Амир Темур мақбарасидат тош ўймакорлиги намуналари ва панжаралар). Ўймакорликнинг янги тараққиёт босқичи 16—17-асрларга тўғри келади, меъморий қисмлар (устун, эшик, дарвоза ва бошқалар) билан бир қаторда уй жиҳозларини безаш ҳам кенг тус олди.
18—19-асрларда Ўймакорликнинг ўзига хос мактаблари ривожланди, бирибиридан жозибадор санъат намуналари юзага келди. Ўймакорлик услубий рангбарангликка хизмат қилди. 19-асрохири — 20-асрда Хива (О. Полвонов, С. Боғбеков), Бухоро (Уста Ширин Муродов, А. Болтаев), Қўқон (Нажмиддинов Ҳайдар ва унинг ўғли Қ. Ҳайдаров) ва бошқаларда моҳир, қўли гул усталар етишиб чиқди, улар Худоёрхон ўрдаси, Князь Романов саройи, Калонтаров уйи, Ситораи Моҳи Хоса каби меъморий ёдгорликларни маҳорат билан безади.
20-асрда Ўймакорлик янги мазмун ва шакллар билан бойиди, минтақалардаги маҳаллий хусусиятлар бир-бири билан уйғунлашиб ажойиб мужассамотлар яратилди (Навоий театри, Муқимий театри, Навоий номидаги адабиёт музейи ва бошқалар).
Замонавий Ўймакорлик мустақиллик даврида бунёд этилаётган меъморий иншоотларнинг барча турларида қўлланиб, улар жозибадор безатилмоқда. Ёғоч ўймакорлигида қўқонлик Қ. Ҳайдаровнинг шогирдлари А. Абдуллаев, Ҳ. Умаров, тошкентлик С. Хўжаев, М. ^осшиовларнинг шогирдлари, Н. Иброҳимов, О. Файзуллаев, С. Раҳматуллаев, Н. Соҳибназаров, Ҳ. Одилов, А. Азларов, самарқандлик М. Жумабоев, А. Жалилов, Н. Нарзуллаев ва бошқалар; ганч ўймакорлигида М. Усмоновнинг шогирдлари М. Султонов, А. Султонов, Абдураҳим Умаров, Мирвоҳид Усмонов ва бошқаларнинг хизматлари катта.
Неъмат Абдуллаев.