«ЎЗАГРОСУҒУРТА» КОМПАНИЯСИ — агросаноат соҳасидаги йирик давлатакциядорлик суғурта компанияси. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 25 фев. даги фармонига мувофиқ ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат суғурта бош бошқармаси («Ўздавсуғурта») негизида ташкил этилган. Бошқаруви Тошкент шаҳрида жойлашган. Компаниянинг асосий муассислари: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (76,6%), «Ўзпахтасаноат» акциядорлик уюшмаси (13,2%), «Ўздонмаҳсулот» корпорацияси (4,71%), «Пахшабанк» (2,75%), «Ғаллабанк» (0,47%) ва бошқалар (3,27%). Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 13 дирекцияси ва 176 бўлинмаси, шу жумладан, 159 туман ва 17 та шаҳар бўлинмалари бор. Компаниянинг асосий фаолият йўналишлари: деҳқончилик соҳасидаги товар ишлаб чиқарувчиларнинг мулки ва маҳсулотини суғурта йўли билан ҳимоя қилинишини таъминлаш; тижорат банклари томонидан қ. х. корхоналарига ишлаб чиқаришни ривожлантириш, деҳқончилик соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга ажратиладиган кредитлар учун суғурта кафолатларини тақдим этиш; деҳқончилик маҳсулотларини етиштириш учун бўнак ва кредит тариқасида бериладиган маблағлар қайтарилишини суғурталаш; юридик ва жисмоний шахсларга турли суғурта хизматларини кўрсатиш; қишлоқ ва шаҳар аҳолисининг шахсий ва мулкий суғуртаси ва бошқалардан иборат. Компания қ. х. экинлари ҳосили суғуртаси; молмулкдан кўрилган зарардан суғурталаш; парранда ва ҳайвонларнинг табиий офатлар, турли касалликлар ва бошқалар натижасида нобуд бўлишидан суғурталаш; гаровга қўйилган мулк суғуртаси; транспорт воситаларини комплекс суғурталаш; йўлдаги мулк (юклар) ни суғурталаш; қурилишмонтаж ишларидаги таваккалчиликларни суғурталаш; бахтсиз ҳодисалардан ва касалликлардан эҳтиёт шарт суғурталаш; лизинг асосида олинган қ. х. техникаларини суғурталаш; автофуқаролик жавобгарлигини суғурталаш ва шаҳрик. 20 га яқин суғурта хизмати турларини амалга оширади. Компаниянинг суғурта мажбуриятлари портфелида қ. х. экинлари ҳосили суғуртаси, молмулк суғуртаси, гаровга қўйилган мулк суғуртаси, бахтсиз ҳодисалар суғуртаси, касб масъулияти суғуртаси турларининг салмоғи юқори.
Компания 1997—2004 йиллар давомида 64,6 млн. суғурта шартномалари тузди ва шу шартномалар бўйича 3840,2 млрд. сўмлик жавобгарлик олиб борди, олинган жавобгарлик бўйича суғурталанувчиларга 2227,5 млн. сўм суғурта товони тўлади. Компаниянинг устав капитали (млн. сўм) — 2230, шартномалар бўйича мажбуриятлари — 994183,3, суғурта мукофотлари — 7449, тўланган суғурта товонлари — 1552,4, суғурта захиралари — 3900,25 (2004).