ЎЗАЛ Турғут (1927.13.10, Малатия, Туркия, — 1993.17.4, Анқара, Истанбулда дафн этилган) — Туркия давлат ва сиёсат арбоби. 1980—82 йилларда давлат вазири, 1983—89 йилларда бош вазир, 1989 йил 9 нояб. дан Туркия президенти. Истанбул техника ун-тини тугатган (1950); хусусий компанияларда ўқитувчилик қилган. «Она ватан» партиясини тузган. 1983—89 йилларда партиянинг бош раиси. Ўзал қатъий ислоҳотлар ўтказиб, иқтисодиётни тараққиёт йўлига олиб чиқди. Унинг очиқ иқтисодий сиёсати натижасида ишлаб чиқариш экспортга йўналтирилди, хусусийлаштириш бошланди, эркин тижорат минтақалари барпо қилинди ва Туркия иқтисодиёти жадал ривожлана бошлади. Туризм юқори даражада тараққий топди. Ўзал 1993 йил 4—7 апр. расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлган.