ЎЗБЕК ДАВЛАТ ДРАМА ТЕАТРИ

ЎЗБЕК ДАВЛАТ ДРАМА ТЕАТРИ, Аброр Ҳидоятов номидаги ўзбек давлат драма театри — етакчи театрлардан бири. 1968 йил 28 октябр да «Ёш гвардия» театри номи билан ташкил бўлган ва «Дийдор» (М. Каримов) спектакли билан очилган. Ташкилотчиси ва биринчи бош реж. и — Эргаш Масофоев. Ширин Азизова, Тўғон Режаматов, Фарҳод Аминов, Мурод Ражабов, Мадина Тўхтаева, Исамат Эргашев, Муҳаббат Абдуллаева, Малика Иброҳимова, Ноила Тошканбоева, Ҳошим Арслоновлар театрнинг дастлабки актёрларидир. Театр фаолиятининг дастлабки йилларида ўз йўналишини асосан замонавий мавзу ва ёш драматурглар асарларига қаратди: «Ўн саккиз ёшлигим» (М. Каримов), «Биринчи бўса» (А. Иброҳимов), «Оқар сувлар» (Ў. Умарбеков), «Беш кунлик куёв» (Шуҳрат), «Заҳарли ҳаёт ёхуд ишқ қурбонлари» (Ҳамза) ва бошқалар Юксак ғоявий ва чуқур ҳаётий ҳаққонийликка асосланган саҳна асарлари янги принципларни тарғиб қилди. Театр репертуарининг бойишида, актёрлик маҳоратининг ўсишида таржима асарлар ҳам муҳим роль ўйнади. «Баҳс» (М. Байжиев), «Ўлимларни қолдириб доғда» (В. Титов, К. Меленко), «Освенцим жаллодлари» (П. Вайс) ва бошқалар шулар жумласидан.

80-й. ларнинг ўрталаридан театрда новаторлик санъати ўсди, ғоявийэстетик йўналиши, образлар талқини такомиллашди, янги типдаги актёр, режиссура шаклланди. Ўзбек театри мероси ва жаҳон театри ижодидан таъсирланган ҳолда энг долзарб, саҳна воситаларига бой, янги саҳна шакллари ила йўғрилган спектакллар билан республикадаги етакчи театрлардан бирига айланди. «Отасининг қизи», «Майсаранинг иши», «Фармонбиби аразлади», «Учинчи орзу», «Қора камар», «Аршин мол олон», «Искандар», «Малика», «Паранжи сирлари», «Зиёфат», «Тоғажиянлар», «Чеча» каби спектакллар театрга шуҳрат келтирди. 1991 йилдан ҳоз. номда.

1996 йил Баҳодир Йўлдошев томонидан саҳналаштирилган «Буюк ипак йўли» спектаклида мусиқа, хореография, пластик ҳаракатлардан кенг фойдаланилган.

Театр саҳнасида илк бор саҳналаштирилган «Бухорои шариф» спектакли (реж. Б. Йўлдошев)да реж. гояси ўзига хос ва ўзгача ечимга эга. қадимий Бухоронинг мусиқий маданияти ва миллий колорити сакланган ҳолда халқ қўшиқ ва рақсларинингспектаклга моҳирона сингдирилишида фольклор услубиятининг энг мураккаб йўли танланган. У. Шекспирнинг «Отелло», «Қирол Лир» асарларининг саҳналаштирилиши театр ҳаётида катта воқеа бўлди. Театр ўзига хос ижодий услуби билан бошқа театрлардан ажралиб туради. Мас, чет эл театрлари актёр ва реж. лари бизга келиб роль ўйнаши (франциялик актёр Франсуа Шатто «Искандар»да Алишер Навоийни ўйнаган), спектакл қўйиши (америка реж. и Д. Каплан «Қирол Лир»ни саҳналаштирган) ёки Баҳодир Йўлдошевнинг чет эл театрларига бориб спектакл қўйиши (Лаосда «Келинлар қўзғолони», Америкада «Тинчлик» спектакллари ва бошқалар) бунга мисолдир. «Қирол Лир»ни саҳналаштиришда реж. костюм ва саҳна безакларига ёрқин шарқ колоритини олиб киради ва у бу билан асардаги фожиа умуминсонийлигига қаратади.

Театр 90-й. ларнинг бошларида Англия, Шотландия, Шим. Ирландия, Германия каби мамлакатларда гастролда бўлиб, ўз спактаклларини намойиш этган. Элёр Носиров, Неъмат Алимов, Афзал Рафиқов, Азиза Бегматова, Доно Бобохонова, Мадина Тўхтаева, Гулбаҳор Раҳимова, Ноила Тошканбоева, Ҳошим Арслонов кабилар театрнингетакчи актёрларидир. Бадиий раҳбари Баҳодир Йўлдошев.

Муҳаббат Тўлахўжаева.

Loading...