ЎЗБЕК ДАВЛАТ МУСИҚАЛИ ТЕАТРИ

ЎЗБЕК ДАВЛАТ МУСИҚАЛИ ТЕАТРИ — Ўзбекистонда дастабки мусиқали театрлардан. 1929 йил Самарқандда М. Қориёқубовнинг Ўзбек давлат сайёр концерт этнографик труппаси негизида ташкил топган (1931 йил Тошкентга кўчирилган). Таркибида К. Яшин, Х. Носирова, Б. Мирзаев, Б. Файзиев, Муллақандовлар, А. Четвертаков, М. Турғунбоева, И. Оқилов, Г. Раҳимова каби санъаткорлар фаолият кўрсатган. Репертуар асосини мусиқали драма ва мусиқали комедия («Ҳалима», «Ўртоқлар», «Фарҳод ва Ширин», «Аршин мол олон» каби)лар, шунингдек, концерт дастурлари ташкил қилган. 1930 йил Москвада гастролда бўлиб, халқ ижоди олимпиадасида муваффаққиятли қатнашган. Унинг ижодий кучлари негизида ҳоз. Навоий театри, Муқимий театри ташкил қилинган.