ЎЗБЕК ДАВЛАТ САЙЁР КОНЦЕРТ ЭТНОГРАФИК ТРУППАСИ

ЎЗБЕК ДАВЛАТ САЙЁР КОНЦЕРТ ЭТНОГРАФИК ТРУППАСИ — Ўзбекистонда илк профессионал ашула ва рақс ансамбли. 1926 йил Ўзбекистон халқ маорифи комиссарлиги қошида М. Қориёқубов ташаббуси билан ва унинг раҳбарлигида ташкил этилган. Унда халқ санъати билимдонлари ҳамда ёш истеъдодли созанда, хонанда ва (раққоса) лари тўпланган. Ансамблнинг дастлабки таркибида Абдуқодир найчи Исмоилов, Аҳмаджон қўшнай Умрзоқов, Уста Олим Комилов, Хаитохун Қурбонов, Т. Жалилов, Маматбува ҳофиз Сатторов, Ориф гармон Тошматов, Ж. Султонов, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Отахўжа Саидхўжаев, Муҳаммад Бобоҳожи, Хулойберди, Тамарахоним, Бегимхон ва Нурхон Йўлдошхўжаевалар, Туҳфахон, Тожихон, Халчахон кабилар бўлган. Унинг репертуаридан халқ лапар ва яллалари («Билагузук», «Чаманнор», «Гулёр»), рақслар («Қаринаво», «Катта ўйин»), замонавий шсьр ва қўшиклар, Юсуфжон қизиқнинг долзарб мавзудаги ҳажвиялари. шунингдек, турли саҳна томошалари (мас. Ҳамзанинг «Ер ислоҳоти» ва бошқалар) асосий ўрин олган. Ансамбль, шунингдек, ўзбек мумтоз ва халқ мусиқа намуналарини тарғиб қилган, «Эрк болалари», «Туйғуной» (Ғ. Зафарий), «Лолахон» (К. Яшин) каби мусиқали спектаклларни саҳналаштирган. 1927 йил Россия, Украина, Татаристон, Бошқирдистон, Грузия, Озарбайжон, Туркманистон шаҳарларида концертлар бериб шуҳрат қозонган. 1929 йил май ойида Ўзбек давлат мусиқали экспериментал ансамбли номи берилган, октябрда Ўзбек давлат мусиқали театрита айлантирилган.

Loading...