ЎЗБЕК ЛОТИН АЛИФБОСИ

ЎЗБЕК ЛОТИН АЛИФБОСИ, ўзбек лотин ёзуви — лотин графикасига асосланган ҳарфтовуш (фонографик) ёзув тури. Ўзбек халқи ва ёзуви тарихида 2 марта жорий этилган. Ўзбек ёзувини араб графикасидан лотин графикасига ўтказиш ҳақидаги дастлабки қарор 1929 йил 15—23 май кунлари Самарқанд шаҳри (Ўзбекистоннинг ўша даврдаги пойтахти)да бўлиб ўтган республика адиблари, тил-имлочилари ва умуман етакчи зиёлилар иштирокидаги конферениияда қабул қилинган ва бу қарор 1929 йил 10 авг. да ЎзССР Халқ маориф комиссарлиги ҳайъати томонидан тасдиқланган эди. Ихтиёрийликдан кўра кўпроқ мажбурийликка асосланган бу жараён Москвада ишланган режа асосида Москва вакиллари кузатувида амалга оширилган эди. Самарқанд конференциясида қабул қилинган л«отинлаштирилган ўзбек алифбоси» 33 ҳарф ва бир белги (апостроф)дан иборат бўлган. Конференцияда сингармонизм ўзбек адабий тили учун хос ҳодиса деб топилиши ва алифбога 9 та унли учун алоҳида ҳарфлар киритилгани, шу асосда ишлаб чиқилган имло қоидалари кейинчалик ўзини оқламади, амалда имлода бошбошдоқлик вужудга келди, айни бир сўз бир неча хил ёзиладиган бўлди. Натижада бу масала 1934 йил янв. да бўлиб ўтган Тил ва имло масалаларига бағишланган республика қурултойида қайта муҳокама қилинади ва алифбога тегишли ўзгаришлар киритилади.

Ўтган асрнинг 30-й. лари 2-ярмидан ўзбек ёзувини рус графикаси асосида шакллантириш ишлари бошланиб, бу жараён 1940 йилда янги алифбо қабул қилиниши билан якунланди. Шу йилдан то Ўзбекистон мустақилликка эришгунгача бўлган даврда рус графикаси асосидаги ўзбек алифбосининг қўлланиши рус тили мавқеининг ошиб бориши, ҳатто «иккинчи она тили» даражасига кўтарилишига, ўзбек тили мавқеининг эса пасайишига, қўлланиш доирасининг торайишига олиб келди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг республикада ўзбек ёзувини рус графикасидан яна лотин графикаси асосидаги ёзувга ўтказиш ҳақида фикрмулоҳазалар ўртага ташланади. Бу масала бир йил давомида оммавий ахборот воситаларида кенг жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, 1993 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонуни эълон қилинди. Айни шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида»ги қарори ҳам қабул қилинади. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 2—3 сентябрдаги 12-чақириқ 13-сессиясида янги алифбо масаласи муҳокама қилиниб, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Янгидан қабул қилинган ўзбек алифбоси 31 ҳарф ва бир тутуқ белгиси (апостроф)дан иборат деб белгиланди: Aa — рус графикасидаги «а» товуши, Bb — «б», Cc — «ц», Dd — «д», Ee — «э», Ff — «ф», Gg — «г», Hh — «ҳ», Ii — «и», Jj — «ж» (жонли, жўра), Kk — «к», Ll — «л», Mm — «м», Nn — «н», Oo — «о», Pp — «п», Qq — «қ», Rr — «р», Cc — «с», Tt — «т», Uu — «у», VV — «в», Xx — «х», Yy — «й», Zz — «з» Зз — «ч», Ğğ — «ғ», Jj — «ж» (аждод), Ňň — «нг», Ŏŏ — «ў», Şş — «ш», (‘) тутуқ белгиси (апостроф). Ушбу алифбони ва шу асосда тайёрланган «Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари»ни муҳокама қилиш жараёнида бир қатор таклиф ва тавсиялар қилинди, танқидий фикрлар билдирилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 1995 йил 6 май куни «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Олий Кенгаш қарорига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қонун қабул қилди. Бу ҳужжатда янги ўзбек алифбоси 26 та ҳарф, 3 та ҳарфлар бирикмасидан иборат эканлиги, с, j ҳарфлари мустақил ҳарфий белги сифатида 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган алифбодан чиқарилганлиги, айрим ҳарфларнинг шаклига ислоҳ киритилгани кўрсатилган; янги алифбо асосида ишлаш 1996 йилдан бошланиши қайд этилган. Янги алифбо асосида ишлаб чиқилган «Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 24 авг. даги 339-сонли қарори билан тасдиқланган.

2004—05 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунни амалга ошириш ишларини янада жадаллаштириш ва такомиллаштириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди.

Абдуваҳоб Мадвалиев.

Loading...