ЎЗБЕК УЛУСИ — Дашти Қипчоқнинг шарқий қисми (Жанубий Ғарбий Сибир) да Абулхайрхон асос солган (1428) давлат ва унинг аҳолиси. «Ўзбек улуси» атамаси Ўзбекхон номи билан боғлиқ. Пойтахти — Чинги-Тура (ҳоз. Тура) шаҳри 1428—46 йилларда Ўзбек улусига Орол денгизининг шим. қирғоқларидан то Иртиш дарёсининг ўрта оқимларигача, шарқда Сарису ва Чу дарёларидан ғарбда Ёйиқ (Урал) дарёсининг сўл соҳилларигача бўлган ерлар қараган. Ўзбек улуси уруғқабилачилик муносабатлари асосида барпо этилган. 1431—46 йилларда Абулхайрхон Жўжихон наслидан бўлган кўпгина султонлар (Ибоқхон, Бурка Султон, Жонибек, Герайхон, Мустафохон) нинг айирмачилик ҳаракатларига барҳам бериш учун кураш олиб борган.
15-асрнинг 30-й. ларида Олтин Ўрда, Ок Ўрда, Мўъулистон ва Темурийлар салтанатида ички низолар кучайиб кетганидан фойдаланиб Абулхайрхон Ўзбек улуси таркибига ҳоз. Марказий ва Шарқий Қозоғистон ерларини, Сирдарё бўйидаги Сиғноқ, Оққўрғон, Арқуқ, Ўзган, Сузоқ шаҳрилари ва Хоразм вилоятини қўшиб олган (1431—35). 1447 йил Ў. у. нинг пойтахти Турадан Сиғноққа кўчирилган. Натижада Ўзбек улуси темурийларнинг ён қўшнисига айланган. Деҳқончилик ва ҳунармандчилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёж уларни ҳар йили Мовароуннаҳрга ҳужум қилишига сабаб бўлган. Шунингдек, Ўзбек улуси темурийларнинг ўзаро курашларига аралаша бошлаган. Мас, Абулхайрхон Абу Саид мирзонинг Самарқанд тахтини эгаллашига (1451) ва Улуғбекнинг набираси Муҳаммад Жўгийнинг тожтахт учун курашига (1459—60) ёрдам берган. Темурийлардан Султон Ҳусайн Бойқаро, Атоуддавла, Манучеҳр мирзолар Абулхайрхондан ёрдам сўраганлар. Абулхайрхон вафоти (1468)дан сўнг Ўзбек улуси ўзаро ички низолар натижасида инқирозга учраган.
Абулхайрхон ўрнига тахтга ўтирган ўғли Ҳайдархон даврида Ибоқхон, Бурка Султон, Жонибек, Герайхон, манғит амирларидан Ёмғурчи ва Мусо Мирзолар Олтин Ўрда хони Аҳмадхон билан иттифоқ тузиб, Ҳайдархонга қарши кураш олиб бориб, ғалабага эришганлар. Ҳайдархон қатл этилган. Ибоқхон ва унинг иттифоқчилари Абулхайрхоннинг қариндошуруғларини ва тарафдорларини қирғин қилишган. Ундан фақат Муҳаммад Шайбонийхон, унинг укаси Маҳмуд Султон, Абулхайрхоннинг ўғиллари Суюнчхўжахон ва Кўчкунчихон, Бахтиёр Султоннинг ўғли Маҳдий Султон, Ҳамза Султон ва баъзи бекларгина қочиб қутулган, холос.
Ўзбек улуси аҳолиси чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланган (қ. Дашти Қипчоқ ўзбеклари).
Гулчеҳра Султонова.