«ЎЗБЕК ХАЛҚ ИЖОДИ» — ўзбек халқ бадиий ижоди намуналаридан тузилган кўп жилдли нашр туркуми (1964—90). Туркумнинг асосчиси Т. Зарифов. Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт ин-тининг Фольклор бўлими томонидан шу ин-т фольклор архиви материаллари асосида нашрга тайёрланган. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида 37 жилди чоп этилган.
«Интизор. Нурали» (1964), «Муродхон», «Гулихиромон», «Дастагул» (1965), «Гўрўғлининг туғилиши», «Гулнор пари» (1967), «Гулшанбоғ» (1969), «Эргаш Жуманбулбул ўғли» (1971—72), «Тоҳир ва Зуҳра» (1971), «Орзигул» (1975), «Ҳасанхон» (1976), «Алпомиш» (1979), «Холдорхон» (1981), «Ойсулув» (1984). «Балогардон», «Баҳром ва Гуландом» (1986), «Эрали ва Шерали», «Юсуф ва Аҳмад» (1987), «Малика айёр» (1988), «Нурали» (1989) каби жилдларда 65 та халқ достони нашр этилган бўлса, «Сув қизи», «Олтин олма» (1966), «Ойжамол» (1969), «Гулпари» (1967), «Кулса — гул, йиғласа — дур» (1983), «Олтин бешик» (1984), «Зумрад ва Қиммат» (1988), «Луқмони Ҳаким» (1990) сингари жилдлар 400 га яқин халқ эртакларини ўз ичига олган. «Латифалар» (1965, 1967, 1969), «Аския» (1970), «Топишмоқлар» (1981), «Ўзбек халқ мақоллари» (1989) кабилар шу жанрлар материалларидан тузилган. «Гулёр» (1967), «Оқ олма, қизил олма» (1972), «Совет даври қўшиқлари» (1983), «Бойчечак» (1984) каби жилдлар халқ қўшиқларидан ташкил топган.
Кўп жилдлик қатъий илмий тамойиллар асосида нашрга тайёрланган бўлиб, унга киритилган фольклор асарлари бевосита халқ ижодкорлари оғзидан ёзиб олинган. Нашр илмийоммабоп характерга эга. У кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган. Ҳар бир жилднинг адади 60 минг. Рус тилида ушбу нашрдан сайлаб олинган намуналар асосида «Узбекское народное творчество» туркумида 10 га яқин китоб чоп этилган.